Туркия бош вазири ўринбосари Россия гази ўрнига тезак ёқиш таклифини билдирган туркияликни мақтади

Жаҳон 03 Декабрь 2015 7403

Туркия бош вазири ўринбосари Нўъмон Куртулмуш Туркия фуқароларидан бирининг Россия гази ўрнига тезак ёқиш ғоясини мақтади, бироқ мамлакат бунгача етиб бормаслигига умид билдирди.

Айни пайтда Россия Туркияга энг йирик газ етказиб берувчи давлатлардан бири ҳисобланади. Бироқ 24 ноябрда Россиянинг Су-24 ҳарбий самолёти уриб туширилгандан кейин Россия ва Туркия ўртасидаги муносабатларга совуқчилик тушди. Россия президенти Владимир Путин Туркиянинг бу қилмишини террорчилар шериги томонидан “орқага санчилган зарба” деб атади ва Туркияга нисбатан махсус иқтисодий санкциялар қўллаш ҳақидаги фармонни имзолади.   

“Эрзурумда яшовчи бир фуқаромиз Россиянинг ҳаракатларига жавобан Россия газидан воз кечиб, тезакдан энергия олишга ўтишни таклиф қилди. Бу ажойиб фуқаромизнинг ажойиб жавобидир. Ҳозирги вазиятда тезак рамзий ва кинояли маънога эга. Бироқ бу шунингдек бизнинг қаҳрамона халқимизнинг қийинчиликларга бардошлиги ва тайёрлигининг муҳим ўрнагидир. Бироқ, ишончим комилки, бунга ҳожат бўлмайди”, деб айтди Куртулмуш.     

Россия энергетика вазири Александр Новак 3 декабрда “Турк оқими” бўйича Россия ва Туркия ўртасидаги ҳукуматлараро музокаралар икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик тўхтатилганини сабабли тўхтатилишини маълум қилди.

Кўпроқ янгиликлар