Сунъий ақл ўрнатилган роботлар яна 10-20 йилдан кейин Японияда ҳозирда одамлар томонидан бажариб келинаётган ишларнинг учдан бир қисмидан кўпроғини бажариши мумкин. Бу ҳақда ТАСС Япониянинг NHK телеканали берган маълумотга таяниб хабар тарқатди.

Улар супермаркет ишчи, такси ҳайдовчиси, меҳмонхона фарроши, қоровул каби лавозимларни эгаллаши мумкин, дейилади Номура тадқиқот институти томонидан тайёрланган баёнотда.

Номура институти Япониядаги «Номура секьюритиз» инвестицион банки қошида фаолият олиб боради. Уларнинг таҳлилчилари Японияда кенг тарқалган касблар учун зарур бўлган билим ва кўникмаларни компьютер таҳлилидан ўтказишди. Робот техникаси тараққиёти бўйича прогнозлар шуни кўрсатдики, сунъий ақл эгалари мавжуд 601 турдаги ишлардан 235 тасини бажара олишади. Ҳозирги вақтда мазкур ишлар билан тахминан 25 миллион одам — 49 фоиз мамлакатнинг умумий ишчи кучи шуғулланиб келмоқда.

Шу билан бир вақтда, ўрганиш натижалари роботлар одамлар билан фаол мулоқот қилиш билан боғлиқ касбларда инсонларнинг ўрнини босолмаслигини кўрсатди. Мисол учун, шифокорлар, ўқитувчилар, экскурсия уюштирувчилари ва ҳаттоки парикмахер касби эгаларини робот билан алмаштириб бўлмайди. Шунингдек, бу таҳлиллар иқтидор талаб қиладиган касблар жумладан, мусиқачи, кинорежиссёр ва бошқа шунга ўхшаш касблар учун ҳам амал қилади.