Япониянинг Kyocera компанияси асосий хусусияти оддий совунда ювиш мумкин бўлган янги турдаги Digno Rafre смартфонини тақдим этди. Бу ҳақда The Verge портали хабар тарқатмоқда.

Смартфон муаллифларининг сўзларига кўра, қурилма турли вазиятларда, жумладан ҳаммомда чўмилаётган вақтда ҳам фойдаланиш имкониятини беради. Kyocera мутахассислари томонидан қайд қилинишича, сенсорли экран ҳатто ҳўл бўлган ҳолатда ҳам ишлайверади. Смартфон корпуси ёриқларга чидамли қилиб ясалган.

Қурилма Android 5.1. операцион тизимида ишлайди. Унга 13-мегапикселли камера ва диагонали 5 дюйм ва максимал кўрсаткичи 1280х720 пиксел бўлган экран ўрнатилган. Аккумулятор сиғими 3000 миллиампер-соатни ташкил қилади. Смартфон 11 декабрдан бошлаб Японияда сотувга қўйилади. Янги қурилманинг нархи 57 минг иенадан сал қимматроқ (тахминан 1 млн. 300 минг сўм) бўлади.