“Даракчи” фарғоналик ҳожи онанинг расмини фожеавий ҳикояда рухсатсиз босиб чиқарди (интервью)

Жамият 04 Декабрь 2015 19371

Таҳририятимизга анча йилдан бери таълим тизимида фаолият кўрсатиб келаётган педагог Бухолида Супиева мурожаат қилиб, “Даракчи” газетасининг ножўя хатти-ҳаракатлари ҳақида маълумот берди. Биз воқеа ҳақида батафсилроқ маълумот олиш ва келтирилган далилларга ойдинлик киритиш мақсадида мурожаат муаллифи билан суҳбат уюштирдик. Эътиборингизга ушбу суҳбатни ҳавола қиламиз.

— Бухолида опа, бизга ёзган мактубингизда “Даракчи” газетаси онангизнинг расмини фожеавий ҳикояда рухсатсиз босиб чиқаришгани ҳақида маълум қилгансиз. Яна бир бор бўлиб ўтган воқеа ҳақида қисқача маълумот бера оласизми?

— Кунларнинг бирида онам “Даракчи” рўзномасини ўқиб ўтирган эдилар. Беҳосдан: “Вой, болам, бу менинг расмимми?”, - дедилар. Не кўз билан кўрайки, ҳақиқатдан онамнинг расми “Даракчи” рўзномасининг 42-сон 50-саҳифасидаги “Қайтиб келармикан Озодам менинг” номли фожеавий ҳикояда бахтсиз она тимсолига берилган эди. Ўша пайтда онамнинг кетма-кет берган саволлари ҳамон қулоқларим остида жаранглайди: “Нимага менинг расмимни газетада беришади?”, “Менинг расмимни уларга ким берди?”, “Мен бахтсиз онаманми?”, “Отанг тирик бўлганларида бундай воқеа бўлмасмиди?!”, “Менинг қайси айбим учун расмимни чиқаришади?”... Хуллас, ҳарчанд тинчлантиришга ҳаракат қилсам-да, онамларни юпата олмадим. Бунинг устига ҳикоя чиққандан кейин бирин-кетин қўнғироқлар бўлиб, бу мудҳиш воқеа ҳақида қариндош-уруғ, қўни-қўшни, таниш-билишлар онамга сўзлашар эди. Мен, ҳаттоки, телефонни ўчириб қўйишга мажбур бўлдим. Аммо, бу воқеа ўз салбий таъсирини кўрсатиб, онамнинг соғлиғига жиддий зарар етказди. Онамнинг қон босимлари ошганлиги сабабли уйимизга шошилинч тез тиббий ёрдамни чақирдик. Уларни касалхонага ётқизишга мажбур бўлдик.

— Онангизнинг расмини чиқаришдан олдин газета Сизлардан розилик олмаганмиди? Ёки ҳеч бўлмаса хабардор қилганмиди?
— Йўқ, бу ҳақида газета бизга ҳеч қандай хабар бермаган, розилик ҳам олмаган. Журналистика қоидаларига ва ўзи умуман амалдаги қонунчиликка зид тарзда шахсий ҳуқуқларни топтаган ҳолда расмни берухсат босиб чиқаришган.
— Уларнинг қўлига расм қандай бориб қолди экан? Ёки онангизнинг сурати интернетдаги бошқа бирон манбада чоп этилганмиди?

— Биз ҳалигача ҳам мана шу жумбоқни еча олмаяпмиз. “Даракчи” онамнинг суратини қаердан олганига бугунги кунгача жавоб топилмади. Онамнинг сурати интернетда йўқ. Бу аниқ. Газетада чоп этилган расмни мен ўзимнинг шахсий телефонимга олган эдим. Ва бу расм фақат менинг телефонимда бор эди. Аниқроқ айтадиган бўлсам, бир куни ишдан келсам, онам қизимга, яъни набираларига “Фарҳод ва Ширин” достонини ўқиб бераётганлар эканлар. Иккалалари кўзимга шунақа чиройли кўриниб кетди-ки, ҳавасим келиб, уларни расмга олдим. Ва ўшандан буён бу расм шахсий телефонимда сақланар эди. Энг ёмон томони ҳам шунда, онам мендан хафа бўлиб қолдилар. “Мени газетага чиқараман деб расмга олган экансан, яхшироқ маънода чиқарсанг бўлмасмиди, бахтсиз она тимсолида ҳам чиқарасанми, қизим?” дейдилар. Бу гапларни қалбимга ханжардай ботишини қандай сўзлар билан Сизларга тушунтирай, ҳайронман.

— “Даракчи”нинг ўзи билан боғландингизми? Улар расмни қаердан олишган экан?
— Ҳа, боғландим. Мазкур муаммо пайдо бўлгач, мен малакали ҳуқуқшунослар билан учрашиб, маслаҳатлашдим. Уларнинг иштирокида “Даракчи” билан боғландик. Энг қизиғи, газета ҳам расмни қаердан олганини тушунтириб бера олмаяпти. Биз интернетдан олган бўлсак керак дейишди фақат. Хўп, унда қайси сайт, манбасини айтингларчи, десак кўрсата олишмаяпти. Бунақа бўлиши мумкин эмаску! Агар интернетдан кўчириб олган бўлса, компьютер хотирасида қолади, бемалол топса бўлади.
— Бунинг устига онангизнинг расми яхшигина монтаж ҳам қилинибди,шекилли?

— Яхшигина эмас, ёмонгина. Жуда ёмон! Уларнинг нима ҳаққи бор эди онамнинг суратларини бундай ҳақоратли монтаж қилишга, айтинг? Йўқ, ўзи рухсатсиз босиб чиқаришгани етмагандай, яна хунукдан хунук қилиб, монтаж қилишгани одамни таҳқирлашдан бошқа нарса эмас. Қўлларидаги китобни олиб ташлашган. Эътибор беринг, оригинал расмда қандай чиройли, маърифатли ҳожи она бўлиб турибдилару, “Даракчи”нинг монтажидан кейин қаҳрли, бадбахт бир она тимсолига айланганлар. Айтинглар, инсонни шунчалар таҳқирлаш мумкинми? Президентимиз “Кексаларни эъзозлаш йили” дея эълон қилиб, бутун юртимизда отахон-онахонларга янада кўпроқ меҳр, эътибор кўрсатилаётган бир пайтда, улар менинг гулдек онамни шунчалик устидан кулишига қандай чидаш мумкин? Уларни назорат қиладиган бирон орган борми ўзи? Ёки шунақа истаган инсонини ерга уриб, истаган одамини устидан кулиб юришига ҳаққи борми? Чиқармоқчи бўлсанг, китоби билан чиқар, набираси билан чиқар. Набираларига улуғ бобокалонларимизнинг “Фарҳод ва Ширин” каби асарларини ўқиб берадиган, ёш авлодни эзгуликка, маърифатга чорлайдиган бувилар ҳақида ёзиб чиқар! Онамнинг 30 йил ўқитувчи бўлиб ишлаганини, 45 йил отам билан бир ёстиққа бош қўйиб, биргаликда чўлларни обод қилишда иштирок этишгани, далада тиним билмай меҳнат қилиб, фарзандларини ҳалол ризқ билан катта қилишганини ёзиб чиқар! Шунақа фожеали ҳикояда ҳам босиб чиқасанми?
— Ўша ҳикоя мазмуни шунчалик фожеалимиди? Ўзи нима тасвирланганди унда?

— Ҳикояда Самарқанддаги бир онахоннинг ҳаёти тасвирланган. У қизини турмушга беради, лекин турмуши яхши чиқмайди. Анча пайт фарзанд кўра олмайди. Кейинчалик фарзанди оғир дарддан вафот этади. Онахон эса фарзанд доғида куйиб адойи тамом бўлади. Қанақасига онам фаранд доғида куядилар? 4 нафар фарзанднинг онаси, 20 нафар шириндан-шакар набиранинг севимли бувиси бўлсалар. Тушунган одам бор, тушунмаган одам бор. Бу ҳикояни ўқиб, унда онамнинг суратини кўргач, телефон қилиб, “Самарқандда ҳам қизингиз бормиди?” деб сўрайдиганлар, “Бандачилик, қизингизни бериб қўйибсиз” деб ҳамдардлик билдирадиган кўпайди. Юқорида айтганимдек, бунақа гапларга онамнинг асаблари дош бера олмади, касалхонага ётиб қолди. Ўзи отамнинг вафотларидан кейин роса кўнгиллари нозик бўлиб қолганди. Уларни кўнгилларига қарардик. Сал чалғисалар яхши бўлади деб, Фарғонадан Тошкентга олиб келгандим. Аммо кўргуликни қаранг, мана шу лаънати ҳикояни деб, ёмғирдан қочиб дўлга тутилдик.

— Ўзи бу расм босиб чиқилганига ҳам анча вақт бўлибди, 1 ойдан ҳам ўтибди. Нега шунча вақт ўтиб бизга мурожаат қиляпсиз?
— Сабаби юқорида айтганимдек, мен аввал газетанинг ўзи билан боғландим. Масалани уларнинг ўзи билан ҳал қилишга ҳаракат қилдим. Ўртада анча пайт музокаралар олиб борилди. Бунинг устига, ўша пайти бўлиб ўтган воқеани кўтара олмай, онам касалхонага тушиб қолдилар. Улар билан овора бўлиб қолдим. Кўнглимга сиғмади.
— “Даракчи” билан боғланганизда, улардан нимани талаб қилдингиз ва улар қандай жавоб беришди?

— “Даракчи”дан 3 та нарсани сўрадим. Биринчидан, расмни қаердан олганликлари ва нима учун берухсат босишганига изоҳ сўрадим. Бунга жавобан айтишдики, яқинда таҳририятга янги дизайнер олишгани, у тажрибасизлик қилиб, расмни чоп этиб юборгани, аммо расмни айнан қаердан олганини билишмаслиги, ҳозир ҳам интернетдан бу расмни топа олишмаётганини айтишди. Хўп, дизайнер янги, тажрибасиз экан, қолганлар қаёққа қаради? Бўлим муҳаррирлари, масъул муҳаррирлар, шу соннинг навбатчиси, бош муҳаррир қаёққа қаради? Шаҳар шунчалик бедарвозами? Шунчалик ўз ишига масъулиятсизми улар? Ахир уларнинг ҳар бир ҳаракати 100 минга яқин инсоннинг қўлига етиб боришини наҳотки ўйлашмаса? Ахир бу катта нарса-ку! Бугун бировнинг расми чиқиб кетиб қолса, эртага бошқа нарсалар ҳам, турли салбий мазмундаги маълумотлар, расмлар ҳам чиқиб кетмаслигига ким кафолат беради?
Иккинчидан, бўлган воқеа ҳақида раддия мақола ёзиб беришларини сўрадим. Буни осмондан олганим йўқ, “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонуннинг 23-моддасида бу нарса кўрсатилган ва газета худди шу вароқда, худди шунча ҳажмда раддия беришга МАЖБУР эди.
— Раддия беришдими?

— Йўқ-да! Бу масалада ҳам газета устимиздан кулишди. Мен уларга онамнинг оригинал расмини, яъни қўлларида китоб, ёнларида набиралари билан чоп этишни, тагига изоҳ сифатида бўлиб ўтган воқеани баён қилишни ҳамда ўша ҳикояга онамнинг дахли йўқлиги, онам қучоқ-қучоқ набиралари қуршовида бахтиёр яшаётган ҳожи она эканлиги ва уларнинг расмини рухсатсиз босишгани, монтаж қилишгани учун газета расман узр сўрашини ёзишларини талаб қилдим. Улар нима қилишди, биласизми? Газетанинг 44-сонида “42-сондаги аёл суратини ҳикояга алоқаси йўқ” деган битта гап босиб чиқаришди. Изоҳ сифатида эса, мен сўраган нарсани босиб чиқа олмасликларини, газетанинг обрўсига таъсир қилиши мумкинлигини айтишди. Ийе, бир парча қоғознинг обрўси инсоннинг обрўсидан азиз бўлдими ҳали? Расмларни рухсатсиз чоп этадиган газетанинг обрўси обрў-ку, лекин 30 йил ўқитувчи бўлиб ишлаган, элу юртда ҳурматга эга бўлган онажонимнинг обрўси сариқ чақаликми? Бу гаплар қайси мантиқнинг тарозисига сиғади, айтинг?!

Учинчидан, уларнинг қилмишларини жазолашнинг, қилган ишидан пушаймон бўлиб, бу номаъқул ишни бошқа қайтармаслик, яна бошқа бир инсонларнинг шаъни ва қадр-қимматини ерга урмасликларининг ягона йўли – моддий жазо деб ўйладим. Асосий мақсади пул топиш бўлган газета хўжайинлари, чўнтагидан пул кетсагина, кетганда ҳам яхшигина пул кетсагина, сал ҳушёр тортади деб ўйладим. Шунинг учун улардан маънавий зарар сифатида 50 млн. сўм сўрадим. Лекин газета бош муҳаррирининг илтимосларидан кейин, пул сўраш фикридан қайтдим. Чунки айтишича, газета раҳбарияти ҳамма пулни ундан ундириб олар экан. Менга бир кишини жазолашнинг умуман кераги йўқ эди. Менинг мақсадим ўзи умуман пул ундириш эмасди. Бунақа газетанинг пулидан ҳазар қиламан, рости. Шундай қилиб, мен пул фикридан қайтдим. Майли, пулларинг керакмас, фақат мен айтгандек қилиб, мақолани чиқариб берсанглар бўлди дедим. Лекин юқорида айтганимдек, ўша шартимни ҳам қилишдан бош тортишди.

— Агар “Даракчи” шартларингизни рад қилган бўлса, унда энди қандай йўл тутмоқчисиз?
—Нима қилардим, қонуний ҳаққимни талаб қиламан. Энг малакали, шу соҳада катта тажрибаси бор ҳуқуқшунослар билан ҳамкорлик қиляпман. Улар билан биргаликда “Даракчи”нинг қилган ножўя хатти-ҳаракати учун, бизнинг оиламизга етказган маънавий зарарлари учун, муаллифлик ҳуқуқини қўпол тарзда бузишгани, онамнинг шаъни, қадр-қимматини оёқ ости қилгани, элу юрт олдида шарманда қилгани учун уларни судга берамиз. Суд жараёнларининг бориши ҳақида ОАВларга доимий маълумот бериб борамиз. Токи шу газета (унинг 1 ёки 2 нафаргина ходими эмас) ўзининг тегишли жазосини олмагунича, тинчимайман. Зеро бу бошқа газеталарга ҳам, умуман бошқа оммавий ахборот воситаларига ҳам дарс бўлиши керак. ОАВ вакиллари ҳар бир сўзининг, ҳар бир ҳаракатининг масъулиятини ҳис қилиши керак, инсоннинг шахсий ҳуқуқ ва манфаатларини, қадр-қимматини ҳурмат қилишга, муаллифлик ҳуқуқига қатъий риоя қилишга ўрганиши керак. Асосийси шаҳар бедарвоза эмаслигини тушунишса бўлди.

— Бухолида опа, саволларимизга батафсил жавоб берганингиз учун катта раҳмат. Воқеалар ривожи ҳақида бизни хабардор қилиб борасиз, деган умиддамиз.

Кун янгиликлари
Ўзбекистон делегацияси Бишкекда, хорижга чиқиш паспорти дараги, лотин ва кирилл машмашаси ҳамда куннинг бошқа хабарлари
20:40 / 16.08.2017 20697 Жаҳон
Кун.uz офис изламоқда
15:48 / 06.08.2017 38036 Lifestyle
Зидан: Бизни оғир мавсум кутиб турибди, яна «Барса» билан рақобат
09:00 2 Спорт
НАТО шаҳарларда ҳарбий амалиётларни ўтказиш концепциясини ишлаб чиқмоқчи
08:59 18 Жаҳон
Гватемалада жиноятчиларнинг шифохонага ҳужум қилиши оқибатида 7 киши ҳалок бўлди
08:51 77 Жаҳон
Саудия Арабистонида ҳукмрон оиладан бўлган яна бир шаҳзода вафот этди
08:46 892 Жаҳон
Германияда уруш давридаги бомба туфайли 10 мингдан ортиқ киши эвакуация қилинди
08:32 641 Жаҳон
Вальверде: «Реал» ҳам барибир мағлуб бўлади
08:31 1 Спорт
Венесуэладаги турмада юз берган тўқнашувлар оқибатида кўплаб маҳбуслар ҳалок бўлди
08:25 755 Жаҳон
Саудия Арабистони ҳаж вақтига зиёратчилар учун Қатар билан чегарасини очади 
08:16 990 Жаҳон
Кўпроқ янгиликлар