Австралия парламенти террорчиликда гумон қилинувчи шахс иккинчи мамлакат фуқаролигига эга бўлган ҳолатларда уни фуқароликдан маҳрум этиш жазоси қўлланадиган қонун лойиҳасини маъқуллади. Бу ҳақда Associated Press хабар тарқатди.

"Бу қонун террорчиликка қарши курашни кучайтиришга хизмат қилади", дейди мамлакат бош прокурори Жорж Брандис.

Унинг сўзларига кўра, бу қонун чекланган шароитларда амал қилади, ва Австралия олий суди баъзи қарорларни тасдиқламаслиги мумкин.

Маълум қилинишича, Австралиядан ИШИД сафига йўл олганларнинг ярмидан кўпроғи иккинчи фуқароликка эга ҳисобланади.

Бироз олдинроқ, ИШИД жангарилари учун Австралияда тайёрланган Toyota русумли автомобиллар етказиб берилгани ҳақида хабарлар пайдо бўлганди.