Майамида ўтаётган автошоуда Chevrolet Spark хэтчбекининг тўртинчи авлоди Chevy Spark тақдимоти ўтказилди. Унинг суратлари Kolesa.ru сайтида чоп этилди.

Айтилишича, маркетологлар харидорларга бўлажак моделнинг ташқи қиёфасини белгилаш имконини беришди. Прототипни танлаш интернет орқали овоз бериш йўли билан аниқланди. Учта концепт-кардан бири бўлган Chevrolet Beat 1.8 млн овоз билан ғалаба қозонди.

Қизиғи, концепт илгари “Трансформерлар-2” фильмида ҳам иштирок этган. Ушбу машҳур концепт негизида янги Spark яратилди. Кўпчилик уни жуда оригинал ва чиройли деб баҳолади. Бурчакли шакллар унинг ташқи кўринишини агрессив қилиб кўрсатса, кузовнинг баландлиги салон ичи кенглигини таъминлади. Автомобиль 40 мм га пасайди, кенглиги ва ғилдирак базаси 10 мм га ошди.

Шу билан бирга, машина дизайни айрим харидорларга ўзининг соддалиги туфайли ёқмагани эътироф этилмоқда. Бунинг сабаби у арзон Opel Carl машинаси билан бир платформада яратилгани бўлиши мумкин.

Янги Spark MyLink мультимедиа тизими ва 7 дюймли экранга эга бўлди. Бундан ташқари, у ўнта хавфсизлик ёстиғи, автотураргоҳ ёрдамчиси, “кўринмас” зоналарни назорат қилиш функцияси, орқа кўриниш камераси, олд тўқнашувларни бартараф этиш, чизиқ бўйлаб ҳаракат қилиш бошқа қўшимча тизимлар билан жиҳозланди.

Spark 1.4 л ли 98 от кучига эга Ecotec бензинли мотори билан ҳаракатга келтирилади. Илгариги авлоддаги моторнинг қуввати 89 от кучини ташкил этарди. Ўтказмалар қутисини харидор танлаш имкониятига эга: 5 диапазонли механик трансмиссия ёки вариатор. Ёқилғининг ўртача сарфи – 100 км га 5.8 л.