2-3 декабрь кунлари футзал бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси Минск шаҳрида Беларусь терма жамоасига қарши ўртоқлик учрашувларини ўтказди.

“Мапид” спорт мажмуасида бўлиб ўтган дастлабки ўйинда мезбонлар 4:2 ҳисобида ғалаба қозонишганди.

Бу икки терма жамоа ўртасидаги иккинчи ўртоқлик учрашуви 3 декабрь куни Борисов шаҳрида ўтказилди. Унда Хосе Мария Мендез мураббийлигидаги ўзбекистонликлар 5:3 ҳисобида ғалаба қилишган.

Ўртоқлик учрашувлари ҳар икки терма жамоа учун жаҳон чемпионатига йўлланма берувчи қитъа чемпионатларига тайёргарлик вазифасини ўтаб беради.

Ўзбекистон терма жамоаси Осиё чемпионатининг саралаш гуруҳ босқичида Саудия Арабистони, Ливан ва Қирғизистонга қарши майдонга тушади. Беларусь терма жамоаси эса Европа чемпионатининг саралаш гуруҳ босқичида Хорватия (10 декабрь), Озарбайжон (11 декабрь) ва Швеция (13 декабрь) билан ҳисоб-китоб қилади.

Европа чемпионатининг финал босқичи Хорватиянинг Осиек шаҳрида ўтказилади. Осиё чемпионати эса 10-21 февраль кунлари Тошкентда бўлиб ўтади. Қуръага кўра ўзбекистонликлар А гуруҳидан Ливан, Қирғизистон ва Саудия Арабистони терма жамоалари билан биргаликда ўрин олган.

Кеча Ўзбекистон терма жамоаси делегацияси Минск шаҳридан Москвага, у ердан Доҳага йўл олди. 5-10 декабрь кунлари Қатар пойтахтида йиғин ва иккита ўртоқлик учрашуви ўтказиш режалаштирилган.