Испаниянинг “Корсан Корвиам Констракшн СА” компанияси “Тошкент-Ўш” автомобиль йўлининг Қамчиқ довони орқали ўтадиган участкасида цемент-бетон қопламасини ётқизиш бўйича ишларнинг ярмини бажарди. Бу ҳақда Uzbekistan Today Республика йўл жамғармаси маълумотига таяниб хабар қилмоқда.
“Бугунги кунда умумий узунлиги 58 километрни ташкил этувчи йўлда цемент-бетон қопламасини қуриш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Айтиш мумкинки, ишлар 50 фоизга бажарилди”, - деди агентлик суҳбатдоши.
Унинг қайд этишича, мамлакатнинг қолган қисмларини Фарғона водийси билан боғловчи транспорт артерияси ҳисобланган мазкур йўлдаги ишлар босқичма-босқич олиб борилмоқда. “Бир томондаги қоплама ётқизилганидан сўнг бошқа йўналиш бўйича ҳам босқичма-босқич ишларни якунига етказамиз, бунда йўлни ёпиш ва ҳаракатни тўхтатишга тўғри келади”, - дейди у.
Шундай қилиб, испан компанияси 58 километрлик икки қатновли йўлнинг бир томонини қуриб тамомлади. Энди иккинчи томонни якунлаш бўйича фаол иш олиб борилади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республика йўл жамғармаси испаниялик ҳамкорлари билан “Тошкент-Ўш” йўлининг бир қисми (116-190- километрлари ўртаси)ни реконструкция қилиш бўйича шартнома имзолаган эди. Унинг қиймати 130 миллион долларни ташкил этади.
“Тошкент-Ўш” автомобиль йўлини реконструкция қилиш доирасида жами бўлиб 211 миллион долларлик ишлар олиб борилади. Ушбу маблағнинг 167,2 миллион доллари Осиё тараққиёт банки томонидан ажратилган.