2016 йилда солиқ солишнинг иккинчи поғонаси бўйича жисмоний шахслар даромадидан олинадиган солиқ ставкасини 8,5 фоиздан 7,5 фоизгача пасайтирилади. 2015 йил 3 декабрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг тўртинчи ялпи мажлисида бу ҳақда маълум қилинди.

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг хабар қилишича, аҳоли даромадлари зиммасига тушадиган солиқ юкини камайтириш мақсадида солиқ солишнинг иккинчи поғонаси бўйича жисмоний шахслар даромадидан олинадиган солиқ ставкасини 8,5 фоиздан 7,5 фоизгача пасайтириш назарда тутилмоқда, бу эса аҳоли даромадларини 235 миллиард сўмга кўпайтириш имконини беради.

Солиқ сиёсатидаги асосий устуворликлар хўжалик юритувчи субъектлар ва аҳолига тушадиган солиқ юкини янада камайтириш, иқтисодиётнинг барқарор ўсишини рағбатлантирувчи солиқ солиш тизимини соддалаштириш, маҳаллий бюджетларнинг даромад қисмини мустаҳкамлаш орқали бюджет тизими бюджетларининг мутаносиблигини таъминлашдан иборат бўлиб қолмоқда.