Еврокенгашнинг терроризм масалалари бўйича координатори Жиль де Керков 4 декабрь куни Данияда бўлиб ўтган референдум натижаларидан афсусда эканини, бироқ буни демократия намойиши ва халқ иродаси деб номлади.

Данияда Еврокенгаш истиқболига шубҳа билан қаровчилар ЕИ билан юридик ва полиция соҳаларидаги яқинлашув масалаларига бағишланган умумиллий референдум якунларига кўра ғалабага эришишди.
“Бу демократия. Бироқ Европа хавфсизликни таъминлаши мумкин, деб ҳисобловчилар ҳам бор. Шундай бўлса ҳам мен Данияни (терроризмга қарши курашда) бизга керак мамлакат деб биламан”, - деди Керков Брюсселда ЕИ ТИВ раҳбарлари учрашуви арафасида.

Керковнинг айтишича, эндиликда Дания Европа полиция маҳкамалари фаолиятини мувофиқлаштирувчи механизм - Европол ишида иштирок эта олмайди.
3 декабрь куни Данияда ҳукмрон Либераллар партияси ташаббуси билан референдум ўтказилган эди. Овозлар ҳисоб-китоб қилинганидан сўнг ЕИ юридик қонунларига мослашишга қарши 53,1 фоиз овоз берилгани маълум бўлди. Евроинтеграция тарафдорлари эса 46,9 фоизни ташкил этган.

Дания ҳукумати референдумни 2016 йилда ўтказишни режалаштирган эди. Ҳукумат Британия 2016 ёки 2017 йилда ўтказилиши кутилаётган ЕИ таркибидан чиқиш тўғрисидаги референдум натижалари данияликларга таъсир кўрсатишидан чўчиб референдум санасини ўзгартирди.

1993 йилда ЕИ Данияга умумевропа сиёсатидаги тўртта истиснони тақдим этган эди: умумевропа валютасига ўтмаслик, ягона мудофаа тизимида иштирок этмаслик, юридик соҳада ҳамкорлик қилмаслик ва ягона Европа фуқаролигини жорий этмаслик. Аъзоликнинг бундай шартлари мамлакатнинг Европол ишида тўлиқ миқёсда қатнаша олмаслигини тақозо этади.