Сиёсий ва ҳарбий гуруҳлардан иборат Сурия мухолифати 8-9 декабрь кунларида Саудия Арабистонида Сурия ҳукумати вакиллари билан учрашиши мумкин. Бу ҳақда ТАСС мухолифат ва қайта қуриш кучлари миллий коалицияси вакили Самир ан-Нашарга таяниб хабар тарқатмоқда.

Унинг сўзларига кўра, зарурият туғилганда музокаралар 10 декабрь куни давом этиши мумкин.

«Учрашув Ар-Риёдда сешанба ва чоршанба кунлари бўлиб ўтади. Балки пайшанба кунига ҳам чўзилиши мумкин», - дея ан-Нашарнинг сўзларидан иқтибос келтиради Associated Press.

Унинг сўзларига кўра, йиғилишда мухолифат ва қайта қуриш кучлари миллий коалициясидан 20 киши иштирок этади. Шунингдек яна 10 нафар Суриянинг бошқа мухолифат кучлари вакиллари ҳам таклиф этилади.

Аммо «Қоҳира конференция» гуруҳи вакиллари берган маълумотга кўра, йиғилишда 85 нафар, жумладан 15 нафар ҳарбий гуруҳ вакиллари ҳам иштирок этади.

Мухолифат вакиллари учрашувига ИШИДга қарши курашда энг самарали ҳаракат қилган суриялик курдлар партияси «Демократик Кенгаш»дан ҳеч ким таклиф қилинмаган.