Чеченистон раҳбари Рамзон Қодиров Россия раҳбариятининг ИШИДга ва уларга ёрдам бераётганларга нисбатан қатъий муносабатини қўллаб-қувватлади. Қодиров Россия президенти Владимир Путиннинг Федерал йиғилишга мурожаати пайтида иштирок этиб, Путиннинг айтган аҳамиятли нутқини тўлиқ қўллаб-қувватлашини айтди.

“Россия президенти Владимир Путин ўзининг Россия Федерал йиғилишига ҳар йилги мурожаатида Аллоҳ Туркия раҳбариятини ақлдан оздириб, жазолаганини айтди. Бизнинг бу масаладаги муносабатимиз ҳам қатъийдир. Биз Россия президентининг қатъий йўлини қўллаб-қувватлаймиз ва ислом душманлари – ваҳобийлар ва террорчиларга қарши муросасиз муносабатимизни бир сонияга ҳам ўзгартирмаймиз”, деб айтди Қодиров.    

Чеченистон раҳбари ўз муносабатини изоҳлаш учун муборак Ҳадисдан парчалар келтирди.

“Пайғамбаримиз ҳадисларида шарқ томондан одамлар пайдо бўлиб, Қуръон тиловат қилишлари, бироқ уларнинг билимлари ҳаттоки уларнинг ҳалқумларигача ҳам етиб бормаслиги айтилган. Улар ҳар аср пайдо бўлиб, тор-мор қилиниши айтилган. Пайғамбаримиз (с.а.в.) “улар ҳар аср пайдо бўлади ва тор-мор қилинади” дея бу сўзларни 20 мартадан кўпроқ такрорлаганлар. Бугунги кунда бутун дунё диний уламолари юз минглаб мусулмонларнинг қонини тўкаётган иблис бандасини (ИШИД) шундайлар деб атамоқдалар. Уларга бевосита ёки билвосита кўмак бераётганлар эса улар томонидан амалга оширилаётган жиноятлар учун гуноҳларни ўз бўйниларига олмоқдалар. Бугунги кунда Туркия террорчилардан нефть сотиб олиб, шу тариқа иблис бандасининг бюджетини тўлдириб, уларга ёрдам бераётганига ҳеч кимда шубҳа қолмади. Туркия орқали Сурияга бутун дунёдан минглаб бандитлар ўтмоқда”, деб ёзди Қодиров инстаграмдаги саҳифасида.

Россия президенти Владимир Путин 3 декабрда Россия Федерал йиғилишига анъанавий мурожаати билан юзланди. Путин томонидан эътибор қаратилган асосий мавзулардан бири террорчиликка қарши кураш бўлди ва бунинг учун авваламбор давлатнинг ўзининг ичидаги бирлашув муҳимлиги айтилди.