РИА: Ғарб матбуоти Россияни танқид остига олмоқда

Жаҳон 04 Декабрь 2015 11332

РИА Новости агентлигининг фикрича, Ғарб матбуоти гўёки “Туркиянинг ИШИД билан алоқаларини фош этгани учун” Россияга қарши ахборот кампаниясини бошлаб юборган. Россиянинг бундай иддаолари исбот-далилини топмаган бўлишига қарамай, дарҳақиқат, охирги пайтларда Европа ва Америка газеталарида, онлайн нашрларида ва айрим телеканалларида Москванинг хатти-ҳаракатларига бағишланган материаллар бериб борилмоқда.

Хусусан, АҚШнинг The Washington Post ва The New York Times газеталари Россия “Москва ва Анқара курашидаги тўловни оширмоқда”, деган фикрга келишди. “РФ мудофаа вазири ўринбосари Анатолий Антонов ИШИД билан нефть олди-сотдисида шахсан Эрдўған иштирок этгани борасида бирорта конкрет далил келтирмади”, - деб ёзади нашр.
Voice of America АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Марк Тонернинг сўзларини келтирди: “Биз бунинг ростлигига ишонмаймиз”.

Bloomberg Москванинг сўзларини “сиёсий айбловлардан бошқа нарса эмас”, деб баҳолаган бўлса, The Financial Times Россиянинг Туркияга қарши ҳаракатларини “ғазаб натижаси” деб ҳисоблади. USA Today эса бўлаётган ишларни “Анқара ва Москва ўртасидаги даҳанаки жанг” деб санади.

Ниҳоят, Буюк Британиянинг Guardian нашри “Туркия балки Россия учун АҚШнинг ўрнини эгаллаб, биринчи рақамли душманга айланар”, деган фикрни берди.

Кўпроқ янгиликлар