Хайр-саҳоват, инсонпарварлик ва мурувват халқимизга хос улуғ анъана. Айниқса, кўнгли ўксик инсонларга меҳр кўрсатиш, қалбини қувончга тўлдириш савоби улкан амаллар сирасига киради.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 23 йиллиги ҳамда “3 декабрь—“Халқаро ногиронлар куни” муносабати билан Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани Халқ таълими муассасаларининг фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими тасарруфидаги 37-ёрдамчи мактабда байрам тадбири бўлиб ўтди. Унда Шайх Зайниддин жоме масжиди жамоаси ҳамда “muxlis.uz” сайти ижодкорлари ҳам иштирок этди.
Дастлаб, тадбир меҳмонлари мактаб ўқувчиларининг меҳнат тўгаракларида ўз қўллари билан ясаган турли амалий ишлари билан танишишди. Байрам учун тайёрланган махсус бадиий дастур ҳам ўзгача кечди.
Ўқувчиларнинг ёд олган Она юрт, бахтли болалик ва меҳр-оқибат тараннум этилган шеърлари, Бош қомусимиздаги моддалар акс этган сахна кўринишлари ҳамда шўх куй-қўшиқлари йиғилганларда катта таассурот қолдирди.
Шундан сўнг, махсус мактаб ўқувчиларига ҳамкор ташкилотлар ҳамда Шайх Зайниддин жоме масжиди маъмурияти томонидан совғалар улашилди. Тадбир якунлангач, қалблари бир олам меҳрга ва орзу-умидга тўлиқ шириндан-шакар болажонлар байрам дастурхонига таклиф этилди.


"Шайх Зайниддин" жоме масжиди матбуот хизмати / Muxlis.uz