"ПСЖ" жамоасининг швециялик ҳужумчиси Златан Иброҳимовичга Хитойдан таклиф пайдо бўлди.

34 ёшли футболчининг парижликлар билан амалдаги шартномаси 2016 йилнинг ёзига қадар тузилган. Ҳозирча бу шартномани узайтириш ҳақида гаплар йўқ. Кўп эҳтимол билан футболчи кейинги мавсумни бошқа жамоада давом эттиради.

A Bola нашрининг ёзишича, Хитойнинг "Цзянсу" жамоаси ушбу машҳур футболчини трансфер қилишни истамоқда. Бу жамоа яқиндагина ўзига бадавлат ҳомий топган ва таркибини кучайтиришга киришган. Улар трансферлар учун 200 миллион евро сарфлашни режалаштиришган ва ўзларининг асосий мақсади бўлмиш Златан Иброҳимовичга у истаган миқдордаги маошни тўлашга тайёрлигини айтишган.

Футболчига шунингдек, Роман Абрамовичнинг "Челси" жамоасидан ҳам жиддий қизиқиш мавжуд.