Кеча "Истиқлол" санъат саройида ажойиб концерт дастури бўлиб ўтди. Аслида бу мусиқий кечага биз ишхонанинг сийлайи раҳми билан тушдик. Ўз иродаси ва матонати эвазига ҳаёт завқини суришга интилаётган имконияти чекланган кишиларнинг Халқаро куни муносабати билан ташкил этилган тадбирда муҳташам сарой одам билан лиқ тўлди. Очиғи, бу зални тўлдириш жуда қийин бўлса керак деб ўйлардим. Йўқ, тўлди.

Гап унда эмас, мени бошқа ҳолатлар ўйлантирди. Дилноза Кубаева билан Самандар Ҳамроқулов биргаликда раислик қилган тадбирда эл билган хонандалар бирма-бир чиқиб, ўз қўшиқларини фонограмма орқали ижро этгач, ўзига хос лотореяда ҳам қатнашди. Яъни, саҳнага ўрнатилган лототрон орқали омадли чипта соҳиби топилиб, унга копток берилди. Кейинги пайтларда сабрсиз ва тоқатсиз одамларни залда 2 соат ушлаб туриш учун мана шундай “иш”ларга кўпчилик хонандалар яккахон концертида ҳам тез-тез мурожаат этаяпти. Жуда аҳмоқона усул-ку... Нима дейсиз энди? Ё санъатинг бўлсин, ё тўла сандиғинг, деганларидек...

Майли, бу ўз йўлига. Копток бўлса, ёмонмас. Ўзим футболга қизиққаним учун бу усул ёқди. Қолаверса, гала-концертда шундай қилиниши мумкин. Чунки бундай концертларга одатда турли хонандаларни тинглайдиган томошабинлар тушади. Улар бутун концерт давомида ўзи севган хонанданинг бор-йўғи 2-3та қўшиғини эшитиши мумкин, холос. Кейин саҳнадан чиқиб кетиши керак эмас-ку. Лотореялар ана шундай мухлисларни ушлаб туриш воситаси. Масалан, мен тинглайдиган бирорта артист чиқмади...
Гап унда ҳам эмас. Асосий гап — болаларимиз тарбияси ва бераҳму бефаҳм ота-оналаримизда!!!

Хуллас, Алишер Файз 3та қўшиқ айтгач, лотореяни давом эттиришга у ҳам жалб этилди ва хонанда танлаган рақам эгаси ўртага келиб, совғасини олаётганда унинг ортидан бир болакай ҳам эргашиб саҳнага чиқди. Табиийки, ҳамма уни шу йигитнинг ўғли бўлса керак деб ўйлади. Самандар ҳам шундай ўйлаб: "Ўғлингиз катта йигит бўлсин", деганди у ҳайрон бўлиб, "Бу менинг болам эмас" деса бўладими, ҳамма кулиб юборди. Қаранг, қайсидир ота ёки она боласини саҳнага чиқариб юборган: "Бор, айт, анови аканг сенга ҳам копток беради", деган. Артистлар энди бутун халқ қараб турган пайтда ўша болага ҳам битта коптокни "текин"га бериб юборди. Майли, бу ҳолат "еди". Лекин унинг кетидан энди ўнлаб ота-оналар ўз боласини саҳнага чиқаришни бошлади-ку. Эҳ-ҳей.

Ундай эмас-да энди. Ўзбекчиликми шу? “Менинг болам сенинг болангдан камми”, деймиз-да. Афсус, жуда ҳунук ҳолат бу. Болаларни безбетликка ўргатмоқда ўз ота-онаси тарбиялаш ўрнига. Биз бир пайтлар тўртта одамнинг олдида кўринишга уялардик. Бугунги боғча боласи эса пилдираб 4000та жуфт нигоҳ қараб турган саҳнага чиқиб келиб, яна машҳур артистлардан копток сўраяпти. Энг даҳшати, Самандар копток қолмай, қўлидаги машҳурлар копток эгаларига дастхат қўйиб бериши учун ушлаб тургани — фломастерини ҳам охири, саҳнага чиқволиб, бақрайиб турган бир қизчага бериб юборди-я. Қойил!!! Ота-онаси шундан кайф қилдимикин? Саҳнанинг қадри қайда қолди, салобати қани?

Яна бир мулоҳаза. Умуман, жамоат тадбирларига, хусусан, концертларга болаларни олиб тушиш қанчалик тўғри? Буни айтганимга сабаб, шу куни мен ўтирган қаторнинг орқасида иккита боласини ёнига аранг ўтқазиб олган, камига қўйнида эмизикли боласини ушлаган онага кўзим тушди. Нима азоб. Шартмиди шу аёлнинг концертга тушиши? Кўпчиликнинг олдида кўкрагини очииииб, боласини эмизиб ўтирибди яна бечора. Эмизишда айб йўқ, тўғри. Лекин ҳамма ишнинг ўз ўрни бор... Болалар бу концертдан қандай завқ олади? На атрофдагиларни, на ота-онасини тинчгина дам олишга қўяди. Назаримда, болалар билан концертга тушиш масаласини расмий доираларда ҳам жиддий кўриб чиқиш керак.

Иккинчи масала эса янада оғриқли. Гулсанам Мамазоитова икки жуфт қўшиқ айтиб, лотореяни ўтказгач, тадбирнинг якуний қўшиғи — "Ойдан тушган эмас" деган ватанпарварлик руҳидаги қўшиғини айтиши эълон қилинди. Шу пайт 4000 одамнинг 3400таси гурррр этиб ўрнидан туриб, саҳнадан чиқа бошлади-ку. Очиғи, ғазабландим. Ватан ҳақидаги қўшиққа ҳурмат — бу Ватаннинг ўзига бўлган ҳурмат эмасми? Йўқ, томошабинлик маданияти бизда ҳали ҳам анча пастми дейман, дедим ўшанда ўзимча тўлқинланиб!!! Шармандагарчилик!!! - деб ҳам юбордимов. Ахир ҳали ҳеч ким "Шунинг билан концертимиз тугади" дегани йўқ-да. Бу тадбирнинг "заҳматкаш" ижодкорлари, меҳнаткашлари таништирилмади ҳам. Худди кимдир уларни мажбурлаб олиб кириб ўтирғизиб қўйгандек, худди олдинроқ ҳаракат қилмаса шу залда абадул абад қолиб кетадигандек бирдан гувв этиб туриб бериш, саҳнадан чиқиб кетиш — яхши эмас. Бу — ноинсофлик.

Шу тобда хаёлимга бир яшинфикр келди: нега кейинги пайтларда концертлар шу тариқа — ўта бефайз ўтяпти? Одамлар охиригача ўтирмаяпти? Ҳамма саволимга қисман умумий жавобни топгандек бўлдим. Жавоб шуки, айбнинг каттаси фонограммада экан!!! Одамларга беписанд бўлиб, ҳурматсизлик қилиб, алдаб, ёлғондан оғиз қимирлатиб, фонограммага қапишиб олган чала артистларимиз энди томошабинни айбламасинлар экан. Дунё қайтяпти экан. Шу боис мен ҳам шартта ўрнимдан турдим-да, "фонограмма олами"дан чиқдим...
Кўча. Оҳ, тирбанд йўлдаги мошинларнинг "жонли" сайроғи ГАИларнинг чур-чурига қоришиб, бир симфония бўлди ўзияммм... Ҳа, айтганча, қўлида копток ушлаб бораётган “шустрий” боласининг бошидан силаётган "меҳрибон" ота-оналарни ҳам кўрдим...
Зоҳиджон ОЛОВ