Барча одамлар ёмон ишларни атайлаб амалга оширишади, яхшиларини эса ҳар доим ҳам атайлаб амалга оширишмайди. Олимларнинг айтишича, дунёга бундай назар билан қараш инсон бош миясининг ўзига хос жиҳатларига боғлиқ.

Scientific Reports журналида тасвирланган тажриба иштирокчиларига иккита жумла кўрсатилган. Биринчисида қандайдир компаниянинг ижрочи директори муайян ҳаракатлар режаси атроф-муҳитга зарар етказишини билса ҳам, бироқ бу ҳақда қайғурмай, ўз компанияси кўпроқ фойда кўриши учун бу режани барибир амалга оширишга қарор қилган.

Иккинчи жумлада “зарар етказиш” сўзи “ёрдам беради” сўзига алмаштирилган. Одамлардан уларнинг фикрича директор табиатга билиб туриб зарар етказган ёки ёрдам берганми ёки атроф-муҳитга кўрсатилаётган самара аслида иккинчи даражали бўлиб, асл мақсад эса фақатгина компания даромад кўришидан иборат бўлганми, айтиш сўралган.  

82 фоиз сўралганлар директор аксини айтган билан, табиатга атайлаб зиён етказганини айтишган. Ва фақатгина 23 фоиз сўралганлар атроф-муҳитни яхшилаш бўйича ишлар билиб туриб қилинганини айтишган. Тадқиқот муаллифларининг таъкидлашича, ён атрофдагиларни ғараз ниятлардан бундай гумон қилиш бош мия иши билан боғлиқдир.

Агар у ёки бу ҳаракат инсонда салбий туйғулар уйғотса, миянинг ҳис-туйғулар учун жавоб берувчи бодомчасимон танаси фаоллашади. Бу одамнинг онгли далилларга эмас, балки туйғуларга асосланиб ҳаракатларнинг атайлаб қилингани ҳақида қарор чиқаришга мажбур қилади.  Хатти-ҳаракат борасидаги ижобий туйғулар эса бодомчасимон танага анча кам таъсир қилган.