ИШИД 3 декабрь куни Калифорниянинг Сан-Бернардино шаҳарчасида уюштирилган оммавий қотиллик ўз вакиллари томонидан уюштирилганини маълум қилди ва бу теракт учун жавобгарликни ўз зиммасига олди. Бу ҳақда ташкилот радио орқали эълон қилган.

"ИШИДнинг икки вакили бир неча кун олдин Калифорния штатининг Сан-Бернардино шаҳарчасида отишма уюштирди", дейилган жангариларга тегишли радио орқали.

Бугун эрталаб, ИШИД Калифорниядаги отишмага билвосита алоқаси борлигини тан олгани ҳақида хабар берилганди.

Шунингдек, ФҚБ бу отишмани теракт сифатида баҳолаганди.

Кўп ўтмасдан Los Angeles Times нашрида бу отишмани содир этганлар ИШИД билан ҳамкорликда фаолият кўрсатадиган жангари гуруҳларга алоқадорлиги ҳақида хабар пайдо бўлганди.

3 декабрга ўтар кечаси Калифорния штатининг Сан-Бернардино шаҳарчасида (Лос-Анжелес яқинида) номаълум шахслар жисмоний имконияти чекланган кишилар учун марказ ҳудудига бостириб кириб, тартибсиз равишда ўт очишганди. Бу отишма натижасида 14 киши ҳалок бўлган ва 17 киши яраланган.

Дастлаб, бу отишмага марказда уюштирилган зиёфатдаги жанжал сабаб бўлгани айтилганди.

Кейинчалик, Калифорнияда отишма уюштирганларнинг шахси тасдиқланди. Уларнинг бири 28 ёшли Саид Ризвон Фаруқ, иккинчиси унинг 27 ёшли рафиқаси Ташфин Малик экани айтилди.

Кўп ўтмасдан Сайд Фаруқ анча вақтлик таътилдан кейин яқиндагина АҚШга қайтгани маълум бўлди.

Шунингдек, унинг рафиқаси 27 эмас, 29 ёшдалиги, у АҚШ фуқаролигига эга бўлиш учун 2014 йилнинг июлида ўзидан 1 ёш катта Ташфин Маликка уйлангани ҳақида аён бўлди. Улар 2013 йилда интернет орқали танишишган эди.