3 декабрь куни Калифорниянинг Сан-Бернардино шаҳарчасида оммавий қотилликларни амалга оширганлардан бири Сайд Ризвон Фаруқ камида 2та хорижий жангарилар ташкилотига алоқадорлиги айтилди. Улардан бири сифатида "Ал-Қоида" таркибидаги "Жибҳод-ан-Нусра" гуруҳи номи айтилган.

Los Angeles Times хабарига кўра, бу ҳақда АҚШ Федерал хавфсизлик хизмати амалдори маълумот берган.

Бундан олдинроқ Сайд Фаруқнинг рафиқаси Ташфин Малик ўзининг фейсбукдаги саҳифасида ҳужум бошланишидан олдин ИШИДга қасамёд қилгани ҳақида хабар пайдо бўлганди.

Маълум бўлишича, Ташфин Малик Покистонда туғилган ва ватанига тез-тез бориб келиб турган.

Шунингдек, Фаруқ Сомалидаги "Аш Шабаб" гуруҳи билан алоқадорлиги бўйича ҳам шубҳалар мавжуд.

Покистон ҳукумати Ташфин Маликнинг террорчиларга алоқадорлиги бўйича маълумотни текширмоқда.

3 декабрга ўтар кечаси Калифорния штатининг Сан-Бернардино шаҳарчасида (Лос-Анжелес яқинида) номаълум шахслар жисмоний имконияти чекланган кишилар учун марказ ҳудудига бостириб кириб, тартибсиз равишда ўт очишганди. Бу отишма натижасида 14 киши ҳалок бўлган ва 17 киши яраланган.

Дастлаб, бу отишмага марказда уюштирилган зиёфатдаги жанжал сабаб бўлгани айтилганди.

Кейинчалик, Калифорнияда отишма уюштирганларнинг шахси тасдиқланди. Уларнинг бири 28 ёшли Саид Ризвон Фаруқ, иккинчиси унинг 27 ёшли рафиқаси Ташфин Малик экани айтилди.

Бу гуруҳ полиция таъқибидан қочиш вақтида бомба портлатган.

Улар яшаб турган уйдан 12та қўлбола бомба топилган.

Кўп ўтмасдан Сайд Фаруқ анча вақтлик таътилдан кейин яқиндагина АҚШга қайтгани маълум бўлди.

Шунингдек, унинг рафиқаси 27 эмас, 29 ёшдалиги, у АҚШ фуқаролигига эга бўлиш учун 2014 йилнинг июлида ўзидан 1 ёш катта Ташфин Маликка уйлангани ҳақида аён бўлди. Улар 2013 йилда интернет орқали танишишган эди. Шу йилнинг майида уларнинг оиласида фарзанд дунёга келган.

Махсус хизматлар уларнинг тўйига меҳмон бўлганлар рўйхатини сўрашган.

Оиланинг қўшнилари берган маълумотларга кўра, эр-хотин ҳеч кимга қўшилмасдан тинчгина ҳаёт кечириб келишган.

Бироз олдинроқ, ФҚБ бу отишмани теракт сифатида баҳолаганди.