Ўзбекистонда ҳомиладорлиги ёки боласи борлиги сабабли аёлларни ишга қабул қилишни рад этиш ёки улар иш ҳақини камайтиришга йўл қўймаслик, меҳнат шароити ноқулай ишларда аёллар меҳнати қўлланишини тақиқлаш каби қатъий меъёрларнинг тўлиқ қўлланиши таъминланди.

Бу ҳақда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 23 йиллигига бағишлаб Хоразм вилоятида ташкил этилган “Конституция – аёл ҳуқуқларининг кафолати” мавзусидаги семинарда айтиб ўтилди.
Тадбирда Мамлакат касаба уюшмалари хотин-қизларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоялаш, улар учун меҳнатни бола тарбияси билан уйғун ҳолда олиб бориш борасида етарли шароитлар яратиш йўналишларида тизимли ишлар амалга оширилаётгани айтиб ўтилди.

Хусусан, Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан жамоа шартномаларига «Аёллар меҳнатини тартибга солиш. Аёллар ва оилавий вазифаларни бажариш билан машғул шахсларга бериладиган қўшимча имтиёз ва кафолатлар» бўлими киритилиб, хотин-қизлар учун яратилаётган имтиёз ва кафолатлар кўлами кенгайтирилди.
Унга кўра, кичик ёшдаги фарзандлари бор аёлларга қисқартирилган иш вақти белгилаш, ҳақ тўланадиган ҳомиладорлик ва туғиш таътиллари кунини узайтириш, 2 ёшдан 3 ёшгача бўлган бола парвариши таътилидаги аёлларга ҳар ойда моддий ёрдам кўрсатиш, 2 ёшгача фарзанди бўлган аёлларга ҳақ тўланадиган танаффуслар бериш имтиёзлари қўлланилмоқда.

Шунингдек, корхона, ташкилот ва муассасаларда ҳомиладор аёлларни ишга қабул қилиш учун маълум миқдорда иш ўринлари ажратиш, аёлларни бепул тиббий кўрикдан ўтказиш, хавфсиз меҳнат шароитларини ташкил этиш, 12 ёшгача фарзанд тарбияси билан банд бўлган ишловчи аёлларга қўшимча меҳнат таътиллари куни ёки қўшимча дам олиш куни бериш каби тадбирлар амалга оширилмоқда.