40 мингга яқин киши Сеул марказида бўлиб ўтаётган норозилик акциясида Жанубий Корея президенти Пак Кин Хенинг истеъфосини талаб қилмоқда.

Рёнҳап агентлиги маълумотларига кўра, намойишда Корея касаба уюшмалари конфедерацияси, Фермерлар ассоциацияси федерацияси ва бошқа жамоат ташкилотларнинг аъзолари иштирок этмоқда. Шаҳарда 15 минг нафардан зиёд ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари тартибни сақлашга жалб этилган.

Жамоатчиликнинг норозилигига Хитой билан эркин савдо тўғрисидаги келишувга эришгани ва ҳукуматнинг ўрта ва олий таълим муассасалари учун ягона тарих фани дарслигини тузиш бўйича режаси сабаб бўлмоқда. 

Жумладан, фермерлар марказий ҳукуматдан ўз рақобатбардошлигини хитой ишлаб чиқарувчиларига нисбатан ошириш учун имтиёз ва компенсация тўловлари билан таъминланишини талаб қилмоқда.

Ҳукуматга қарши намойишлар сўнгги бир ой ичида иккинчи маротаба ўтказилмоқда. Сеулда биринчи йирик миқёсли норозилик намойиши 14 ноябрда бўлиб ўтган эди. 60 мингга яқин киши иштирок этган акцияда намойиш қатнашчилари ва полиция ўртасида тўқнашувлар содир бўлди.