Суриядаги вазиятнинг мураккаблашиши “тўлиқлигича АҚШнинг айби билан юз берди”, деб хабар берди 5 декабрда Шимолий Корея ташқи ишлар вазирлиги вакили.

Унинг айтишича, “Сурия ҳукумати илтимоси билан аксилтеррорчилик операциясида иштирок этаётган Россиянинг Су-24 самолётининг турк ҲҲК томонидан уриб туширилиши террорчиликка қарши курашда халқаро ҳамкорликнинг фаоллашувига йўл бермасликка уринаётган АҚШ стратегиясининг маҳсули бўлди”. Шимолий Корея ТИВда бу стратегиянинг моҳияти “Яқин Шарқдаги элатлараро ва диний қарама-қаршиликка кўмак бериш ва бу минтақани террорчилик саҳнасига айлантиришга” бориб тақалади, деб ҳисобланмоқда.

Вакил Шимолий Корея ҳукумати “аввалгидек исталган кўринишдаги террорчиликка, жумладан АҚШнинг ўзининг энг ғараз сиёсий мақсадларига нафақат Яқин Шарқда, балки бутун дунёда эришиш учун зўравонликдан фойдаланишга уринишларига қарши чиқишини” таъкидлаб ўтди.