24 ноябрь куни Россиянинг Су-24 самолёти Сурия ҳудудида Туркия томонидан уриб туширилганидан бери турклар ИШИД жангариларига қарши ҳарбий амалиётлар ўтказмаган. Бу ҳақда Рейтер агентлиги хабар тарқатди.

Агентлик маълумотига кўра, расмий Вашингтон расмий Анқарадан жангариларга қарши ҳаракатларда фаолликни кучайтиришни талаб қилган, аммо Россия самолёти қулаши воқеаси фонида Туркиянинг ИШИДга қарши кураши аввалгидан ҳам кўра сусайган.

Рейтер агентлиги маълумотига кўра, АҚШ Туркия ва Россия ўртасидаги муносабатлар кескинлашишини истамайди.

Шунингдек, АҚШ Туркиядан Сурия билан чегараларида назоратни кучайтиришини сўраган. Қайд этилишича, Туркия ва Сурия ўртасидаги чегаранинг 100-километрида вазиятни жиддий назоратга олиш зарурати мавжуд. Бу ҳудуддан жангарилар ноқонуний савдо алоқаларини амалга оширишда ва ёлланма жангариларини қабул қилишда фойдаланиши бўйича гумонлар мавжуд.