Париждаги терактларни тергов қилиш натижасида гумон қилинувчилар Буюк Британияда бўлиши мумкинлиги маълум бўлди, деб хабар бермоқда The Wall Street Journal нашри.

Махсус хизматлар маълумотларига кўра, терактлар ташкилотчиси Абдулҳамид Абаъуд билан алоқадорликда гумон қилинувчи бир неча киши Бирмингемда қолмоқда. Гумон қилинувчилардан бири терактларгача Буюк Британияда бўлгани тахмин қилинмоқда.

Лондон полицияси ушбу маълумотга изоҳ беришдан бош тортди.

Нашрнинг таъкидлашича, Бирмингемда экстремистик ташкилотлар билан алоқадор одамлар мавжуд. Хусусан, бирмингемлик Жунайд Ҳусайн Сурияга бориб, у ерда ИШИДнинг хакерига айланган. У АҚШнинг ҳаво ҳужумларидан бирида Раққада йўқ қилинган.

Бу орада Буюк Британия мудофаа вазири Майкл Фэллон Буюк Британиянинг йирик шаҳарларида Париждаги каби терактлар амалга оширилиши мумкинлигидан хавотир борлигини айтди. Шу сабабли мамлакат ҳукумати хавфсизлик чораларини кучайтирди ва чегара назоратини қаттиққўллаштирди.

Аввалроқ Венгрия ҳукумати Париждаги терактлар ташкилотчиларидан бири Будапештда бўлганини маълум қилганди.