Бугунги кунда юртимизда ҳукм сураётган тинчлигимизни асраб-авайлаш, халқ орасида хавфсизлик ва ҳушёрликни янада ошириш, диний экстремизм ва терроризмни олдини олиш бўйича барчада, асосан, талаба ёшларда унга қарши иммунитетни шакллантириш мақсадида жорий йилнинг 4 декабрь куни Нукус шаҳридаги “Муҳаммад ал-Беруний” ўрта махсус ислом билим юртида “Тинчликни асраш – давр талаби” мавзусида анжуман ўтказилди, деб хабар берди Ўзбекистон мусулмонлар  идорасининг расмий веб портали.

Унда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлар бўйича қўмита раиси Ортиқбек Юсупов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов, Президент Девони масъул ходими Элдор Ибрагимов, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти ходимлари, билим юртининг мударрис ва талабалари иштирок этишди.

Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси, билим юрти мудири Шамсуддин Бауатдинов анжуманнинг кун тартиби ва иштирокчилар билан таништирди. Анжуманда Дин ишлар бўйича қўмита раиси Ортиқбек Юсупов “Мамлакатимизда диний экстремизм ва халқаро терроризмга қарши курашнинг долзарб йўналишлари”, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов “Ислом тинчлик дини. Тинчликни асраш ва тарғиб қилиш долзарб вазифа” мавзуларида маърузалар қилдилар, талабаларга динимизнинг соф ақидаларини чуқур эгаллашлари, бузғунчи оқимларга раддия бера оладиган қадрлар бўлиб етишишлари, келажакда халқимизга соф Ислом ақидаларини етказишда жонбозлик билан хизмат қилмоғи зарурлигини уқтирдилар.

Шунингдек, билим юрти 4-курс талабаси Аллаяров Исмайил, 2-курс талабаси Нажматдинов Караматдин мавзу юзасидан маърузалар қилди. Тадбирда талабалар қизиқтирган саволлари билан мурожаат қилишди, ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.
Анжумандан сўнг меҳмонлар билим юрти биноси, ўқув хоналари, ахборот ресурс маркази, ётоқхона, ошхона ва спорт залидаги шароитлар, қулайликлар билан яқиндан танишдилар.