Австралиялик таниқли режиссёр ва оператор Людовик Пето Ўзбекистон ҳақида ҳужжатли фильм суратга олмоқчи.

Айни кунларда у Тошкентда бўлиб, ушбу лойиҳани амалга ошириш имкониятларини ўрганмоқда. Пето тиғиз иш жадвалига қарамасдан, “Sputnik Узбекистан” мухбирига Ўзбекистон билан ҳамкорликдан нималар кутаётгани ҳақидаги фикрлари билан бўлишди.

“Мен қизиқарли тарихлар излаб бутун дунё бўйлаб доимо саёҳат қиламан ва Ўзбекистон бу борада хазинадир. Улкан ҳудудлар, қизиқарли ландшафтлар, кўплаб ноёб жойлар –одамлар айнан шу нарсалар учун телевизорни томоша қилишади. Улар ўрганилмаган нарсаларга тегишни исташади”, деб айтди Пето.

Пето France 5, Discovery Channel, SBS ва ABC каби жаҳоннинг бир қатор етакчи телеканаллари билан ишлайди. Унинг айтишича, бу телеканаллар бугунда кенг жамоатчиликка нотаниш бўлган жойлар ва у ердаги одамлар ҳақида сўзловчи фильмларга қатта қизиқиш билдирмоқдалар.

Петонинг ўзи Ўзбекистоннинг маданий мероси, унинг бой тарихи ва анъаналари, шунингдек, кўплаб маданият ва бу ҳудудда минг йиллардан кўпроқ вақт яшаган миллатларнинг бир-бирига қоришиб кетгани ҳақида сўзлаб беришни истамоқда. Шунингдек, режиссёр ноқулай шароитларда, мисол учун Орол минтақаси ёки Қизилқум чўллари чегарасида яшаган иродали одамлар ҳақида лавҳалар яратмоқчи.

Петонинг таъкидлашича, ҳужжатли фильм авваламбор Европа аудиториясига мўлжалланади.

Людовик Пето экология ва фан ҳақидаги ҳужжатли фильмлар муаллифи ва режиссёри сифатида танилган. Ҳозирда у иссиқлик тўлқинлари ва уларнинг турли экотизимларга таъсири, тўлқин энергиясидан фойдаланиш истиқболлари ҳақида сўзловчи фильмлар серияси устида иш олиб бормоқда. У бир неча бор нуфузли мукофотлар билан тақдирланган.