Россия Сурияда олиб бораётган ҳарбий операциялари билан нафақат Яқин Шарқни, балки Европани ҳам терроризмдан ҳимоя этмоқда, деб таъкидлади Сурия президенти Башар Асад. Унинг сўзларига кўра, Москва томонидан олиб борилган ҳарбий операциялар сабаб Суриядаги жангарилар ҳаракати сусайди. 

У бу ҳақда Британиянинг The Sunday Times газетасига берган интервюсида айтиб ўтган.

“Улар (руслар) Сурия, Ироқ ва ҳатто Европани ҳимоя этишни истайди. Улар ҳозир ҳам Европани ҳимоя этишяпти деб бемалол айта оламан”, — деб таъкидлаган Асад.

Сурия президенти фақатгина Суриянинг талаби билан мамлакатда Россия томонидан ҳарбий операциялар олиб борилаётганига эътиборни тортди. “Мен айнан шуни сўрадим. Мен президент Путинга бу борада мактуб йўлладим”, — деб эсга олди у.

Асад, шунингдек, Россия ҳарбий операцияларни Сурия батамом йўқ бўлиб кетиши арафасида бошлаганини ёдга солди.

Президент Буюк Британиянинг Суриядаги ҳарбий операциялари борасида ҳам ўз фикрини баён қилди. Унинг фикрича Буюк Британия қўшинлари терроризмни енгиш учун мамлакат ҳарбийлари билан якдил ҳаракат олиб бориши лозим.