“Барселона” клуби ярим ҳимоячиси Сержи Бускетс “Валенсия”га (1:1) қарши Испания чемпионатининг 14-тури доирасида ўтказилган учрашувдан сўнг журналистлар билан гаплашди ва жамоадоши Луис Суареснинг ўйинига баҳо бериб ўтди.

“Биз олға юришда давом этишимиз керак. Бизда голли вазиятлар бўлди. бу вазиятлардан унумли фойдаланиб, натижани эртароқ ҳал қилишимиз керак эди. Ўйлайманки, жамоа бугун яхши ўйнади.

Суарес биз учун муҳим футболчи. У жуда меҳнаткаш футболчи. Менинг фикримча, у айни вақтда Левандовски билан биргаликда дунёнинг энг яхши марказий ҳужумчиси бўлиб турибди“, дейди Бускетс.

Эслатиб ўтамиз, уругвайлик футболчи "Валенсия"га қарши ўйинда каталонияликларнинг ягона голига муаллифлик қилди. Бу унинг кетма-кет 8та ўйинда гол уриши бўлди. Жорий мавсумда Суарес Ла Лига учрашувларида жами 13та гол урган.