Хабарингиз бор, 2015 йилнинг 5 декабрь куни пойтахтимиздаги “Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 23 йиллигига бағишланган тантанали йиғилиш бўлиб ўтди. Йиғилишда Ўзбекистон президенти Ислом Каримов тантанали йиғилишда маъруза қилди.
Қуйида мазкур йиғилишда президентимиз томонидан билдириб ўтилган айрим фикр-мулоҳазаларни эътиборингизга ҳавола этмоқчимиз.

Ҳаётимиз қомуси бўлмиш Конституциямизни юксак қадрлашимизнинг сабаби аввало унинг коммунистик мафкура асосига қурилган эски маъмурий-буйруқбозлик ва тақсимот усулидан, мустабид тузумдан бутунлай воз кечганимизни эълон қилиб, биз учун янги давлат ва жамият қуришнинг энг муҳим принцип ва мақсадларини, вазифа ва нормаларини белгилаб берганида, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

Шуни айтиш керакки, бу йўлда бизнинг олдимизда турган асосий вазифамиз – бошлаган ислоҳотларни мантиқий якунига етказиш, эскича қарашлардан, ўз умрини ўтаб бўлган бошқарув усулларидан бутунлай воз кечишдир.

Барчамиз бир ҳақиқатни эсдан чиқармаслигимизни истардим. Яъни, мамлакатимиз ҳаётининг барча соҳаларини ислоҳ этиш ва демократлаштириш жараёни бир уринишда ҳал бўладиган, бажариладиган вазифа эмас.

Афсуски, кўп ҳолатларда бу қонунларга мувофиқ белгиланган нормаларни қандай вазиятда қандай қўллаш лозимлигини кўрсатиб берадиган ҳуқуқий механизмларни, қонуности ҳужжатларини, содда қилиб айтганда, қабул қилинган қонунларни амалга ошириш механизмларини аниқлаб берадиган ҳужжатларни қабул қилишни кейинга сурамиз.

Конституциямизда бизнинг бош мақсадимиз – фақат ҳуқуқий демократик давлат эмас, балки адолатли жамият қуриш экани аниқ-равшан белгилаб берилган. Бу мақсад ҳаётимизда мустаҳкам қарор топган оддий ҳақиқатдан, яъни халқимиз ҳар қандай қийинчиликка чидаши мумкин, аммо адолатсизликка чидай олмайди, деган сўзларни яққол тушунишдан келиб чиққан, десам, ўйлайманки, бутун эл-юртимизнинг фикрини ифода этган бўламан.

Ва аксинча, агар қонун бажарилмаса, қонунда бир нарса ёзилиб, ҳаётда ҳаммаси бошқача бўлса, одамларнинг Конституциямиз ва қонунларимизда муҳрлаб қўйилган адолат ва демократия нормаларига нисбатан ҳар қандай ишончи йўқолади. Бундай ҳолат барчамизга аён. Қонун ва қонун устуворлиги бўлмаган жойда аввало унинг ўрнини коррупция деган бало эгаллайди.

Ҳеч кимга сир эмас, шуни ҳам тан олишимиз керак – кундалик ҳаётимизда ҳали-бери қонунга риоя қилмаслик, қонун ва қонунийликнинг, адолат мезонларининг амалда қўпол равишда бузилиши, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари томонидан ўз бурчига совуққонлик билан қараш қонунбузарликка олиб келиши билан боғлиқ ҳолатлар, афсуски, кам эмас.

Одамлар нима ҳақида ариза ёзмоқда? Мурожаатлар таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, улар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ноқонуний қарорлар қабул қилаётганидан, бу идораларнинг мансабдор шахслари қўпол муомалада бўлаётганидан, аҳоли мурожаатлари улар томонидан тўлиқ, сифатли ва ўз вақтида кўриб чиқилмаётганидан шикоят қилмоқда. Фуқаролар тергов органлари томонидан тергов ҳаракатларини амалга оширишда процессуал қонунчиликни қўпол равишда бузиш билан боғлиқ фактлар борлигини кўрсатмоқда.

Мана шундай ва бошқа кўплаб мисоллар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ўзларининг асосий вазифаси, аввало, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, қонун устуворлигини таъминлаш, қонун ҳужжатларининг талаб ва нормаларига сўзсиз риоя этиш эканини теран англаб олиши учун ҳали кўп иш қилишимиз кераклигидан далолат беради.

Ҳеч шубҳасиз айтиш мумкин – хусусий мулк, кичик бизнес эгалари, тадбиркорларимизнинг йўлини янада кенгайтириб берадиган бундай қарор ва тадбирларимизни кўпайтиришимиз ва самарадорлигини ошириш бугунги кунда энг долзарб вазифамизга киради.

Ҳаммамиз шуни тан олишимиз керак, жамиятда қонунийлик, қонун устуворлигини тўлиқ таъминлашнинг энг муҳим шартларидан бири – бу одамларни қонунга ҳурмат руҳида тарбиялаш, уларни шу руҳда камол топтириш, фуқароларнинг қонунни пухта билиши, юксак ҳуқуқий онг ва маданиятга эга бўлишидан иборат. Буни эсимиздан чиқармаслигимиз зарур.

Манба: УзА