Ўрта Ер денгизида бир нечта давлат ҳуқуқ-тартибот муассасалари томонидан ўтказилган махсус операция давомида бортида 13 тонна гашиш гиёҳванд моддаси бўлган кема ушланди, деб хабар бермоқда La Vanguardia нашри.

Таъкидланишича, операция бир неча ой аввал испан полицияси ташаббуси билан бошланган, бироқ қидирувда Испания, Италия, Туркия ва Греция ҳуқуқ-тартибот муассасалари ходимлари иштирок этдилар.

Кема Сицилия оролларидан бири Пантеллерия яқинида ушланди, кемадаги 11 киши ҳибсга олинди. Улардан 10 нафари Украина фуқароси ва бир нафари Грузия фуқароси бўлиб чиқди.

Испания ички ишлар вазири Хорхе Фернандес Диас Европа давлатлари ҳуқуқ-тартибот муассасалари ҳамкорлигига юқори баҳо берди ва Испания полицияси охирги 10 йил ичида Европа Иттифоқига келтирилган 40 фоиз кокаин ва 75 фоиз гашишни ушлаганини таъкидлаб ўтди.