Бироз олдинроқ, Ўзбекистон халқ артисти Эркин Комилов "Даракчи" нашрига берган интервьюсида нега Рустам Саъдиевнинг фильмларида иштирок этмаётганининг сабабини ошкор қилганди.

У “Ўгай она” фильмидаги иштирокини эслаб, бу картинадаги иштироки учун арзимас миқдорда маош олганини айтган, бунга норозилик билдирганида режиссёрдан "Сизни қайтиб фильмларимга таклиф қилмайман", жавобини эшитганини билдирганди. У режиссёрнинг актёрга нисбатан шундай ёмон муносабатда айблаган.

Shov-shuv.uz сайти бу интервьюга эътибор қаратган ва иккинчи томонни ҳам тинглаб кўришга қарор қилиб, режиссёр Рустам Саъдиевга юзланган.

Режиссёр эса ёзма тарзда жавоб қайтарган. Қуйида ушбу жавоб кун.уз сайти томонидан таҳрирсиз қайта нашр этилган.

"Ўзбекистон халқ артисти Эркин Комилов салобатли, кенг амплуали актёр, буюк Шукур Бурхондек устозининг ҳақиқий мактабини олган садоқатли шогирди - бу ҳақиқат.

Одатда, филм сценарийси тайёр булганида, режиссёр ҳар бир образда ҳар қандай актёрларнинг ижросини тассавур қилиб кўриб, кейин бир ролни ижро этиш учун 5-10 нафар актёрни киносиновга чақиради. Қайси бири маъқул келса, ўшани ролга тасдиқлайди.

Эркин Комиловга келсак, мен кимни ролга таклиф қилсам, олдиндан ҳамма томонини гаплашиб олиб, кейин рол бўйича ишлашни бошлайман ва иложи борича, гонорар масаласини ўзим гаплашмасликка ҳаракат қиламан. Лекин охир-оқибат аксарият актёрлар режиссёр билан ўзим гаплашаман дейишади (албатта, бу хусусий кино секторида). Мажбур бўламан, пул масаласи бўйича ҳам гаплашишга.

Шунча гапирган гапларидан бир гапимни тўгри айтибди: “Мен сизни кинога олмайман”!

Энди мени ҳақиқатим:

Бу воқеага 3 йил бўлди. Шаҳло Аҳророва билан ҳамкорликда "Ўгай она" деб номланган сценарийни ёзиб тугатдик ва шу фильмда ота ролига бир неча актёрларни киносинов қилишни режалаштирдик ва шулардан бири Эркин Комиловга сценарий бердим ва 2-3 кунлардан кейин.

“Рустам менга сценарий ёқди. Кеннайинггаям, шу жумладан” деб айтди.

Бу ота роли аслида Матёқуб Матчоновга мўлжалланган рол эди, лекин бахтга қарши мен съёмкани белгилаган муддатда Матёқуб аканинг бошқа съёмкаси бўлгани учун Эркин акада ҳеч қандай киносиновсиз тўхталдик. Бунга асосий сабаб мен Эркин ака билан биринчи маротаба ишлашим бўлгани учун холос. Ўзбекистон халқ артисти Эркин Комилов мен учун оддий бир актёр ва албатта, ўзига яраша санъатда ўрни бор, талантли. Лекин бунақа актёрлар бизда кўп. Яна Эркин акага қайтамиз. Хуллас, Эркин ака турмуш ўртоғи билан олдимга келди ва мен биринчи берган саволим: 4-5 кун съёмка қиламиз, сиз қанча гонорарга ўйнаб берасиз? Ака андиша қилдими, “Билмадим, хафа қилмассан” деди. Шунча йиллик тажрибамдан келиб чиқиб, мен ҳисобли дўст деган тушунча бор десам, Эркин ака бир суммани айтди ва албатта, мен унга унақа шароитим йўқ, айтганингизнинг ярмини бераман дедим. Съёмка кунини сўраб, кейин чиқиб кетишди. Орадан бир неча кун ўтиб, яна қўнғироқ қилди. Яна шу масала юзасидан гап очдим. Шунда Эркин ака “Қўшиб беролмийсанми?” деди. Мен иложим йўқлигини айтдим. Бўлмаса, мен сизни умуман кинога ололмас эканман дедим. У менга “Унда мен оч қолар эканман-да” деди. Кейин Эркин ака сал кечроқ яна қўнғироқ қилиб, “кеннайинг сенинг ижодингни ҳурмат қиларкан, берган пулига караманг, шу ролда ўйнанг деб айтди” деди. Шу билан съёмка бошланиб кетди. Овоз ёзиш босқичи тугагунича мен жойида келишилган маблағни тийин-тийинигача қўлига бердим. Премьера бўлди. Ака жуда хурсанд бўлди. Банкетда мени жуда қаттиқ ҳурмат билан тилга олди. Энг қизиғи, шу воқеага 3 йил ўтган бўлса, шу кунгача қаерда учрашиб қолсак, жуда илиқ сўрашиб келган. Хуллас, шунақа гап. Мен бир нарсага ҳайронман, Ўзбекистон халқ артисти даражасидаги актёр кенг оммага гонорар мавзусини олиб чиқиши тўғримикан? Билмадим, тағин...

Нима бўлгандаям, сизни ҳурмат киламан. Соғ-саломат бўлиб, томошабинни хурсанд қилиб юринг, Эркин ака” – дея ўз ҳақиқатларини баён қилади Рустам Саъдиев.