“АвтоВАЗ” компанияси Янги йил таътилларигача автомобиллар ишлаб чиқаришни тўхтатади, деб хабар бермоқда компанияга яқин икки киши ва икки етказиб берувчига иқтибос келтирган ҳолда “Ведомости” газетаси.

Таъкидланишича, Тольяттидаги заводда барча конвейерлар 18 декабрдан 18 январгача тўхтатиб қўйилади, бироқ одамлар ишга боришни давом эттираверишади. Газета суҳбатдошларининг айтишича, ишчилар ишлаб чиқаришни оптималлаштириш билан шуғулланишади. Ижевскдаги завод 28 декабрдан 18 январгача ишламайди. УАЗ автомобиллари 31 декабрдан 2016 йилнинг 1 февралигача ишлаб чиқарилмайди.

Манбаларнинг айтишича, ишлаб чиқариш тўхтатилиши мажбурий чора ҳисобланади. Бу қарор компания паст талаб даражасида заводларда автомобилларни захиралаб қўя олмаслиги билан тушунтирилмоқда. Ҳозирча расмий буйруқлар берилмаган, бироқ бундай буйруқлар 7 декабрда пайдо бўлиши мумкин. 15 декабрда бошланиши керак бўлган Lada Xray модели ишлаб чиқарилиши кўчирилмади. Нашр бу борада компания вакилидан изоҳ ололмади.

Аввалроқ компания инқироз туфайли ишлаб чиқаришни қисқартириш ва тўлиқ бўлмаган ишчи ҳафта киритишни режалаштираётгани маълум қилинганди.