Бугун, 7 декабрь куни, Тожикистонда магнитудаси 7.2 балга тенг кучли зилзила содир бўлди. У қўшни Ўзбекистонда ҳам акс садо берди: Тошкентда, Фарғона водийси ва Қашқадарёда 3.5-4 балли силкинишлар қайд қилинди.

Зилзиланинг эпицентри Помирда, Тоғли Бадахшон мухтор вилояти ҳудудида эканлиги Европа Ўрта Ер денгизи Сейсмология маркази томонидан хабар қилинди. Унга энг яқин аҳолижой Мурғоб бўлди (89 км). Табиий офат чуқурлиги 10 км ни ташкил этди.
Аниқланишича, зилзила маркази Тоғли Бадахшон мухтор вилоятининг Мурғоб туманида, Сарез кўлига анча яқин ҳудудда содир бўлган.

1911 йил 18 февралида Помирда содир бўлган фожиали зилзила оқибатида Мурғоб дарёсига 2 кубометр ҳажмли 550 м баландликдаги кўчки тушди. Усой қишлоғи бутун аҳолиси билан тоғ жинслари уюми остида қолиб кетди. Бир неча йиллардан сўнг ушбу табиий тўғон ортида сув тўпланиб, Сарез қишлоғини ғарқ қилиб юборди. Шу тариқа Помир харитасида иккита янги объект – Усой тўғони ва Сарез кўли ҳосил бўлди.
Сарез муаммоси ўшандан буён долзарблигича қолмоқда. Тегишли институт ва муассасалар хавфсизлик таъминоти бўйича кўплаб лойиҳалар ишлаб чиққан. Бугунги кунга қадар экологлар ва экспертлар Тожикистон ҳукуматини Сарез таҳдидини бартараф қилиш чораларини кўришга чақириб келмоқда. Бу йўналишдаги охирги йирик тадбир 2014 йил 23 декабрида Москвада ўтказилди.
Соҳа мутахассисларидан бири, москвалик таҳлилчи ва журналист Андрей Захватов бугун бўлиб ўтган зилзилага муносабат билдириб ўтди.

“Бугун Помирда бўлган ер ости силкинишлари жуда хавфли, - деб ёзди у Facebook саҳифасиларида муҳокамада. – Шу йилнинг январида биз Сарез кўлида фожиа юз бериши мумкинлигидан огоҳлантиргандик. Агар Усой тўғони бузилса, 2004 йил 26 декабрида Жанубий Осиёда рўй берган, 250 минг кишини ҳаётдан олиб кетган фожиали цунами бунинг олдида болалар боғчасидаги тадбирга ўхшаб қолади”.
“Мутахассисларнинг огоҳлантиришларига ҳеч қандай реакция бўлмаган эди”, - хулоса қилди эксперт.