Guardian ИШИДнинг ички ҳужжатларини қўлга киритди

Жаҳон 07 Декабрь 2015 16162

Guardian газетаси ихтиёрига ИШИД террорчилик гуруҳининг ички ҳужжатлари келиб тушди. Бу ҳужжатлар гуруҳ ичида юз бераётган батафсил тасвирни беради.

ИШИД 2014 йил июнда Ироқ ва Сурияда “ҳалифалик” эълон қилиб, дастлаб ташқи кўриниш ва хатти-ҳаракатлар – ёпишиб турадиган кийим кийишни тақиқлашдан тортиб террорчилар “вақтни беҳуда ўтказиш” деб ҳисоблайдиган кабутар боқишни тақиқлашгача фармойиш берган.

Сўнгра гуруҳ давлат тузишга бағишланган ҳужжатларни яратишга киришган. Guardian‘нинг эътиборини “ҳалифалик" яратилгандан кейин тез орада яратилган “ИШИДни бошқариш тамойиллари” деб номланган 24 бетлик ҳужжат ўзига тортди.

Бу дастурда ИШИДнинг таълим тизими ва ташвиқоти, халқаро муносабатлари, нефть ва газ савдоси устидан назорати ифодаланган. Ҳужжатда хусусий инвесторларга олтин, нефть ва газга сармоя киритиш тақиқланади, бироқ ИШИДдан қайта ишлаш учун хомашё сотиб олишга рухсат берилади. Шунингдек, унда тайёрлов, болалар ва тажрибали жангарилар машғулот ўтказиши учун мўлжалланган ҳарбий лагерларнинг мураккаб тизими баён қилинган.      

Guardian’нинг ёзишича, бу дастур террорчилик гуруҳи давлат қурилишига қанчалик синчковлик билан ёндашганини кўрсатади. Ғарб коалицияси кучлари олдида шунчаки “арифметик ҳарбий вазифа” турмаяпти, деган хулосага келиш мумкин, яъни “ИШИД эндиликда жангарилар йиғиндиси эмас”. “Агар Ғарб ИШИДни шунчаки психопатлар тўдаси деб ҳисоблаётган бўлса, унда террорчилик гуруҳига етарлича баҳо бермаётгани хатари бор”, деб айтмоқда истеъфодаги АҚШ генерали Стэнли Маккристал.

Шу билан бирга, газета маълумотларига кўра, ИШИДнинг охирги 5 ойдаги ҳужжатлари хавфсизлик чоралари ва ҳарбий сафарбарликка бағишланган бўлиб, бу ИШИДда “борган сари қўрқув кайфияти авж олаётганидан” дарак беради. Хусусан, террорчилик гуруҳи хусусий Wi-Fi тармоқларни тақиқлаб қўйган ва эҳтимол жангариларнинг етишмаётгани сабабли дезертирлар учун амнистия эълон қилган.

Кўпроқ янгиликлар