Лондон шаҳри мэри Борис Жонсоннинг айтишича, Сурияда бомбалаш ишларини олиб бориш керакли натижаларни келтирмаяпти.

"ИШИДни буткул мағлуб қилиш учун алоҳида бўлиб ҳаракатланишни тўхтатиш керак", деб ёзади мэр ўзининг The Telegraph газетасидаги колонкасида.

У Буюк Британия Суриядаги ҳаракатлари режасини аниқлаштириб олиши ва Яқин Шарқда аксилтеррор коалиция тузилиши кераклигини таъкидлаган.

Унинг ҳисоблашича, бу коалиция таркибидан албатта Россия ҳамда Башар Асад ҳам жой олиши керак. Мэр Россия ва сурияликлар иштирокисиз ИШИДни енгиб бўлмаслигини билдирган.

Ўз навбатида Борис Жонсон ўзини Путин тарафдори сифатида атамаслигини, Путинни тиран деб билмаслигини қўшимча қилиб ўтган.

"Путин учун яхши бўлиши, Ғарб учун ёмон дегани эмас", дейди у.

Лондон мэрининг ишонч билан ёзишича, айни вақтда Ғарб ИШИДга қарши кураш олиб бориш билан бирга Путиннинг бу минтақадаги ўрни мустаҳкамланмаслигини таъминлашга ҳам уринмоқда.

Бироз олдинроқ, халқаро коалиция самолётлари янглишиб, Сурия армиясининг Дейр аз-Завр вилоятидаги бўлинмаларига зарба бергани ҳақида маълумот пайдо бўлганди.