АҚШ президенти Барак Обама 6 декабрь кунида АҚШдаги хавфсизлик юзасидан миллатга мурожаат қилди.

“Якшанба куни президент Обама асосий устувор вазифа – америка халқининг хавфсизлигини амалга ошириш учун ҳукумат қабул қиладиган қадамлар борасида Оқ уйнинг Овал кабинетидан миллатга юзланди”, дейилада Оқ уй хабарида.

У ўз мурожаатида Қўшма штатларнинг дунёдаги террорчиликка қарши курашидаги 4 қадамини санаб ўтди.

Унинг қайд этишича, АҚШнинг бу борадаги илк қадами Сурия ва Ироқ ҳудудида ИШИДга қарши курашни ривожлантиришидир.

Иккинчиси, АҚШ кўмагида Ироқ ва Сурияда жангариларга қарши маҳаллий ҳарбийлар тайёрланиши. "Биз ўн минглаб суриялик ва ироқлик ҳарбийларни ИШИДга қарши кураши учун тайёрлашда давом этишимиз керак", дейди Обама.

Шунингдек, АҚШ Франция ва бошқа иттифоқчи давлатлар билан ҳамкорликни давом эттиради.

Тўртинчи қадам сифатида эса, Суриядаги сиёсий инқирозни ҳал қилиш учун барча мамлакатлар бирлашиши ҳисобланади.

"Бу иттифоқ Сурия халқини ва бошқа барча мамлакатларни, иттифоқчиларимизни, қолаверса, ИШИДни йўқ қилишни мақсад қилган Россияни ҳам ўз ичига олади", дея қайд этади Обама.

Бундан олдинроқ, Обама ўз мурожаатида АҚШ конгресидан мамлакатда автомат қуроллар сотувини чеклашни сўрагани хабар қилинганди.