АҚШ президенти Барак Обама миллатга мурожаатида Сан-Бернардинодаги отишмани террорчилик акти деб атади.

У воқеа юзасидан суриштирув ишлари давом этаётганини алоҳида таъкидлади.

“Шунга қарамай, ҳозирча калифорниялик жиноятчилар четдаги бирор террорчи гуруҳг томонидан йўналтирилгани ёхуд мамлакат ичидаги кенг фитнанинг бир қисми бўлгани ҳақида маълумот йўқ”, - деди Обама.

Эслатиб ўтамиз, 2 декабрь куни Калифорниянинг Сан-Бернардино шаҳридаги имкониятлари чекланган инсонлар марказига ҳужум уюштирилди. Ҳужум уюштирганлар – Саид Ризвон Фаруқ ва Ташфен Малик, полициянинг фикрича, “узоқ ҳужумга тайёрланган бўлиб, ҳарбий тактикани қўллаганлар”. Ҳужум оқибатида 14 киши ҳалок бўлди, 17 киши жароҳат олди.