Қирғизистонда бензин маҳсулоти нархи арзонлашди. Бу ҳақда нефть савдогарлари уюшмаси маълумотларида келтирилган.

Маълум қилинишича, бугун Аи-92 маркасидаги бензин нархи мамлакатнинг шимолий ҳудудларида 0,5 сўмга арзонлашган, жанубдаги нарх эса 1 сомга пасайган. Аи-95 маркасидаги бензиннинг бир литри эса республиканинг барча ҳудудларида 1 сўмга арзонлашган.

"Бозорда бензин нархи тушишига Россияда нефтни қайта ишлаш саноатидаги мавсумий омил сабаб ҳисобланади. Айни вақтда Россиядаги нефтни қайта ишлаш заводларида таъмирлаш ишлари якунлангани туфайли бозорга кўп миқдорда бензин чиқарилмоқда. Шу вақтда эса ёқилғига талаб пасайган", дейилади уюшма хабарида.

Шу тариқа, айни вақтда Бишкек шаҳрида Аи-92 маркасидаги 1 литр бензин нархи 40,5 сом, Аи-95 маркасидагиси эса 43,5 сомдан сотилмоқда. Дизел ёқилғисининг 1 литри нархи 36,5 сом бўлиб турибди. Жанубий пойтахт ҳисобланадиган Ўш шаҳрида эса нархлар 42 (Аи-92), 46 (Аи-95) ва 39,5 сом (дизел ёқилғиси).