Венесуэлада 6 декабрь куни ўтказилган Миллий ассамблея учун парламент сайловида мухолифат кучлари ғалаба қилди.

Мухолиф ҳисобланган "Демократик бирлик давраси" блоки сайлов натижаларига кўра парламентдаги 167 ўриндан 99тасига эгалик қилиши кутилмоқда.

Амалдаги "Ягона социалистик партия" эса атиги 46 ўрин олган. Бу ҳақда Марказий сайлов комиссияси раҳбари Тибисай Лусена маълум қилган.

Сайловда давомат 74,1 фоизни ташкил этган. Мамлакатда сайлаш ҳуқуқига эга 19,4 миллион киши яшайди.

Шу тариқа аввалига Уго Чавес, кейин Николас Мадуро раҳбарлигидаги социалистлар 17 йил ичида илк марта сайловларда мағлуб бўлди.

Сайловнинг дастлабки натижалар эълон қилингач, одамлар Каракас кўчаларига чиқиб, тантанани нишонлашган.

Мамлакат президенти Николас Мадуро ўз партияси мағлубиятини тан олган.

Маълумот учун, демократлар етакчиси Энрике Каприлес 2012 йилда Уго Чавес вафот этгач, муддатидан олдин ўтказилган президентлик сайловига ўз номзодини қўйган, лекин Чавеснинг ўринбосари Мадурога ютқазиб қўйганди.

Мадуро даврида инфляция даражаси сақланиб қолиб, жиноятчилик кўрсаткичлари ўсди. Бундан ташқари мамлакатнинг турли ҳудудларида озиқ-овқат танқислиги кузатилди.

Эслатиб ўтамиз, сайловлар арафасида мухолифат партия етакчиларидан бири Луис Мануэль Диас номаълум шахслар томонидан ўлдириб кетилганди.

Янги таркибдаги парламент 2016 йилнинг январидан фаолият бошлайди ва 5 йил муддатга тузилади.