Жанубий Кореянинг 3 минг нафардан зиёд фуқароси автомобиллардаги экологик синовлар натижасини сохталаштириш билан боғлиқ можаролар сабаб Германиянинг Volkswagen концернини судга берди. Улар савдо-сотиқ тўғрисидаги шартномани бекор қилиб, харид қилинган автомобиллар пулини тўлиқ қайтиришни талаб этишмоқда. Бу ҳақда жабрланганларнинг адвокати Ха Ен Сун маълум қилди.

“3,2 минг киши жамоавий даъвога қўшилди, улар сони ўсишда давом этмоқда”, - деди у.
Ҳуқуқшуноснинг сўзларига кўра, немис компанияси кечирим сўраш кўринишида шимолий америкалик мижозларига эҳтиёт қисмлар учун минг долларлик чегирма, бепул таъмир ва бошқаларни таклиф этаётгани корейсларнинг нафсониятига тегиб кетган. Бошқа минтақалар, жумладан, Жанубий Кореяда носоз автомобиллар эгалари ҳеч қандай конпенсациялар олишмаган. Бу эса, ўз навбатида, Германия компанияси томонидан камситилишга йўл қўйилган деб ҳисобланишга олиб келди.

Эслатиб ўтамиз, Volkswagen ўзининг дизелли автомобилларига атмосферага чиқариладиган газлардаги зарарли моддалар миқдорини камайтириб кўрсатадиган дастурий таъминот ўрнатишда айбланган эди. Жанубий Кореяда ҳам 2009-2015 йилларда мазкур сифатга эга 125 минг автомобиль сотилган.