Amnesty International ҳуқуқ ҳимоя қилиш ташкилоти ўзининг сайтида ИШИД жангарилари охирги ўн йилда Ироққа назоратсиз тушган қурол-аслаҳалардан фойдаланаётгани ҳақидаги ҳисоботни чоп этди.

Видеороликлар ва фотосуратлар таҳлилига кўра, жангарилар 25 та давлат, жумладан Хитой, Россия, АҚШ ва Европа давлатларида ишлаб чиқарилган қурол-аслаҳалардан фойдаланади.

Ташкилотнинг қурол-аслаҳаларни назорат қилиш ходими Патрик Уилкеннинг айтишича, жангарилар томонидан ишлатиладиган қурол-аслаҳа назорат ва тартиб бўлмаган минтақада қурол-аслаҳанинг олди-орқага қаралмай онгсизларча сотилишига мисол бўла олади.    

Таъкидланишича, жангариларнинг аксарият қурол-аслаҳаси бир пайтлар минтақага АҚШ ва унинг иттифоқчилари, Россия ва собиқ иттифоқнинг бошқа давлатлари томонидан етказиб берилган. Ҳисоботда таъкидланишича, ИШИД ишлатаётган анъанавий қурол-аслаҳанинг катта қисми 1970-йиллардан 1990-йилларгача бўлган даврда ишлаб чиқарилган. 

Amnesty International шу туфайли Сурия ҳукумати ва муҳолиф гуруҳларга қурол-аслаҳа етказиб беришни тўхтатишга чақирмоқда, чунки нобарқарор минтақаларда қурол-аслаҳа ўз эгасини осонгина ўзгартириб, янада кўпроқ қурбонларга олиб келиши мумкин.