Citroen компанияси E-Mehari номини олган серияли кроссовер-кабриолетни расман намойиш қилди. Модель 2016 йил баҳоридан Францияда сотувга чиқарилади. Кейинги йил охиригача модель бошқа давлатлар бозорида ҳам пайдо бўлади, бироқ ҳозирча бу қандай давлатлар бўлиши номаълум.

E-Mehari бошқа бир ихчам кабриолет Bollore Bluesummer негизида қурилди. Бу кабриолет PSA Peugeot Citroen гуруҳининг Ренндаги корхонасида ишлаб чиқарилади. Янги моделнинг дизайни C4 Cactus йўлтанламаси стилида бажарилган. Бироқ “Мехари”да Airbump панеллари йўқ, биринчи қатор ўриндиқлар эса ягона суянчиққа эга бўлган диван эмас, балки иккита алоҳида ўриндиқлардан иборат.

Citroen E-Mehari’нинг узунлиги 3,81 метр, эни 1,87 метр, баландлиги 1,65 метрни ташкил қилади.

Кроссовер-кабриолет 50 киловатт максимал қувватга (68 от кучи) эга электр двигатель ёрдамида ҳаракатга келтирилади. Мотор 30 киловатт-соат ҳажмга эга литий-полимерли аккумулятордан қувватланади. Автомобилнинг максимал юриш захираси 200 км ни ташкил қилади. У соатига 110 км тезлик билан юриши мумкин.