Қирғизистонлик мухолиф сиёсатчи, парламентнинг собиқ депутати, “Ор-номус” партияси етакчиларидан бири Равшан Жеенбеков EADaily нашрига берган интервьюсида Россия ва Туркия ўртасидаги муносабатларнинг кескинлашиши Қирғизистонда қандай акс этиши мумкинлигига изоҳ берди.

“Қирғизистон раҳбарияти кутмоқда. Ўйлашимча, улар Москва томонидан яқинда босим ўтказилиши бошланиши мумкинлигини ва Россия-Туркия инқирозида улардан аниқ позиция эгаллаш талаб қилиниши мумкинлигини тушунмоқда. Ва бу ҳукуматимизни асабийлаштирмоқда, негаки Туркия билан иқтисодий, маданий ва сиёсий алоқаларимиз жуда яқин. Агар Қирғизистон Кремль тарафда турса, бизда нафақат Туркия, балки туркий халқлар ҳамжамияти билан ҳам жиддий муаммолар туғилиши мумкин. Шу боис ҳукуматимиз сукут сақламоқда”, - маълум қилди сиёсатчи.

Унинг фикрича, Туркия билан муносабатлар ёмонлашган тақдирда Қирғизистон Хитойга юзланишга мажбур бўлади.

“Бугун Қирғизистонда таълим тизими Туркия томонидан эгалланган – болалар боғчаси, лицейлар, олий таълим даргоҳлари, ҳаммасида турк дастурлари. Савдо соҳаси деярли тўлалигича Туркия товарлари ва тадбиркорлари томонидан эгалланган. Улар жуда фаол. Асосий технологик ускуналар ҳам Қирғизистонга Туркиядан келтирилади. Шу боис, агар биз Россия томонида турсак, кўп нарса йўқотамиз. Биз учун бу жиддий муаммо бўлади. Агар Россияни қўлласак, биз, Туркияни йўқотиб, Россия эмас, Хитойга яқинлашишга мажбур бўламиз. Бу Хитойнинг Қирғизистондаги иқтисодий ва инвестицион ғалабаси бўлади”, - таъкидлади Жеенбеков.