Маълумки, бугун бозорларда ва дўконларда “витамин” номи остида, дори сингари пачкаларга қадоқланган ва шундай шаклга эга маҳсулотлар сотилади. Улар асосан болаларга мўлжалланиб, ширинлик ўрнини босади. “Оила даврасида” нашри мухбири бу маҳсулотларнинг келиб чиқишига ҳамда сифат талабларига жавоб беришига қизиқиб кўрди.

“Ўша маҳсулотлардан бир неча хилини танлаб сотиб олдим: ўнга яқин маҳсулотга икки минг сўм (!) тўладим. Сўнг бозор маъмуриятига йўл олдим”, - деб ёзади журналист.
Унинг эътироф этишича, бирор бир инстанциядан ушбу маҳсулот ҳақида керакли маълумотни ололмаган. Жумладан, бозор маъмуриятида уни у бўлимдан бунисига жўнатишган. Сўнг журналист соғлиқни сақлаш вазирлигига мурожаат қилган. Тақдим этилган жавобда “... Вазирлик тақдим этилган маҳсулотлар намуналарига баҳо бериш учун уларнинг стандартлари, таркиби, мувофиқлик сертификатлари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан берилган рухсатномалар тақдим этилиши зарурлигини билдиради”, дейилган.

“Ана холос! – ҳафсаласи пир бўлади журналистнинг. – Биз айни шу маълумотлар йўқлиги боис одамлар саломатлигига масъул бўлган ушбу вазирликдан ёрдам сўраб мурожаат қилган эдик-ку! Бу худди ўғрини ушлаш ҳақидаги мурожаатга ўғрининг паспорт маълумотлари, бармоқ излари ва фотосуратларини тақдим этинг, қабилидаги «оригинал» жавоб эмасми? Маҳсулотлар қўлимизда бўлса, уларнинг бозорларда очиқ-ойдин (боз устига улгуржисига) сотилаётгани чин бўлса, уларнинг таркибини лабораторияда аниқлаб бериш шунчалик қийинми?!. Боз устига, бу маҳсулотларни кимлар сотиб олиб, кимлар истеъмол қилаётгани аниқ-ку. Наҳотки, фарзандларимиз саломатлиги билан боғлиқ масалага шунчалик эътиборсиз бўлиш мумкин?”.

Бироқ журналист изланишларини давом эттириб, Давлат божхона қўмитасига қуйидаги саволлар билан мурожаат қилган: “Бугунги кунда болалар учун севимли ширинликлардан бирига айланган, улар “витамин” сифатида қабул қилаётган озиқ-овқат маҳсулотлари Ўзбекистон ҳудудига қандай йўллар билан кириб келмоқда? Бундай маҳсулотларни мамлакатимиз ҳудудида ишлаб чиқариш тартиб-тамойили қандай? Уларни хориждан келтириб, сотиш ёки сотиб олишга рухсат берилганми? Бундай маҳсулотлар сифат назоратидан ўтказиладими? Улар қандай моддалардан таркиб топган? Нима сабабдан бундай маҳсулотларда унинг номи, таркиби ва қаерда ишлаб чиқарилгани (манзили, телефон рақами) ҳақида давлат тилида маълумот берилмаган?”.

Давлат божхона қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Б.Раимовдан 29 октябрь куни имзолаган қуйидагича қисқа жавоб келган:
“...Хат иловасида берилган саволлар бўйича маълумотлар Ўзбекистон Республикасининг 28.12.1993 йилдаги “Маҳсулотлар ва хизматларни сертификатлаштириш тўғрисида”ги, 30.08.1997 йилдаги “Озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисида”ги Қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 13.05.2013 йилдаги “Ўзбекистон Республикасига истеъмол товарлари олиб киришни такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 127-сон қарори ва бошқа бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда кўрсатиб берилган.

Ушбу норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни “Lex.uz on-line” Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасидан ёки ДБҚнинг расмий веб-сайтидан олишингиз мумкин”.
“Бу жавоб олдингисидан ҳам ўтиб тушди. Биз нима деймиз-у...”, - ёзғиради материал муаллифи.

“Ўйлаб қоласан: инсон умри давомида эгаллайдиган билимнинг 70 фоизини етти ёшгача олади. Бундай сифатсиз, арзон “витаминлар”ни катта миқдорда ишлаб чиқариб, яна жуда арзон нархда бозорларимизни тўлдириб ташлаётган хорижлик “ишбилармонлар”нинг хатти-ҳаракатларида пул топиш билан бирга бошқа ғарази йўқмикан... Ёшларини соғлиғидан айириш,  шу орқали давлатни кучсизлантиришдек каттароқ мақсадлар уларнинг хаёлида йўқлигига ҳеч ким кафолат бермайди?!. Айнан ўшандай “витаминлар”дан бирининг сигарет шаклида қадоқлангани бизни янада чуқур ўйга толдирди: бу болаларни кашандаликка ўргатишми ёки болаларда тамаки ширин деган фикр пайдо қилишми? Наҳотки, фарзандларимиз қўлига келажагини чопиши учун ўзимиз болта тутқазаётган бўлсак?!. Бунга мутасаддилар – таҳририятнинг халқ манфатини кўзлаб қилган мурожаатига беписанд қараган масъуллар қандай қарар экан?..”, - хулоса қилди журналист.