Европарламент маърузасига кўра, ИШИД олимларни (физик, кимёгар ва дастурчиларни) оммавий қирғин қуролларини яратиш учун ёлламоқда. Бу ҳақда Die Welt немис нашри ёзмоқда.

“ИШИД хориждан юзлаб физик, кимёгар ва дастурчиларни ёлламоқда, экспертларнинг фикрича бу мутахассислар оддий моддалардан қирғинбарот қурол тайёрлаши мумкин”, деб айтди Европарламент таҳлилчиси Беатрис Имменкамп.

Нашрнинг таъкидлашича, террорчиларнинг янги қадами биологик, ядровий ва кимёвий қурол – хавфли моддалардан ташкил топган қўлбола бомбалар қўлланадиган теракт бўлиши мумкин.

Маъруза муаллифларининг маълумотларига кўра, керакли моддалар махфий равишда Европа Иттифоқи давлатлари ҳудудига етказилган. Улар бундай моддаларнинг юзлаб йўқолиши ва ўғирланиши ҳолатларини келтиришмоқда.

Мутахассисларнинг фикрича, зарин, рицин ва сибир куйдиргиси каби моддалар энг катта хавф солади. Европарламент Европа давлатлари ҳукуматларига Суриядан қайтган одамлар ва тегишли соҳаларда ишлайдиган маҳаллий радикалларга синчковлик билан эътибор қаратишни тавсия қилмоқда.

Аввалроқ ИШИД жангарилари томонидан кимёвий қурол ишлаб чиқариш учун махсус бўлим тузилгани маълум қилинганди.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарованинг айтишича, ИШИД ва Яқин Шарқдаги бошқа террорчилик гуруҳлари заҳарловчи моддалар, хусусан ипритга эга бўла олиши мумкин.