Парижга уюштирилган бир қатор терактлардан кейин ўша машъум куни “Батаклан” концерт залида концерт берган Калифорниянинг Eagles of Death Metal рок-гуруҳи Ирландиянинг машҳур U2 гуруҳи билан Парижда Сена дарёси бўйида 20 минглик AccorHotels Arena майдонида концерт берди, деб хабар бермоқда The Guardian нашри.     

13 ноябрда террорчилар АҚШ гуруҳининг концертида бўлган 89 кишини ўлдирган. U2 гуруҳи эса шу театрда эртасига концерт бериши керак бўлган, бироқ концерт терактлар туфайли бекор қилинган.

“Улардан уч ҳафта аввал саҳнани олиб қўйишди ва биз бу кеча уларга ўзимизники таклиф қилишдан хурсандмиз”, деб айтди U2 хонандаси Боно.

Eagles of Death Metal ва U2 гуруҳлари “People Have the Power” (“Одамлар кучга эга”) қўшиғини ижро этишди. Қўшиқ матнида одамлар бирлашиб, аҳмоқликка қарши курашиб, дунёни ўзгартира олишлари ҳақидаги сўзлар бор.

Боно Франция байроғини устига ташлаб, бисга чиқиб, француз тилида ижод қилувчи бельгиялик машҳур қўшиқчи Жак Брель 1959 йилда ижро этган “Ne me quitte pas” (“Мени тарк этма”) қўшиғини куйлади.

“Батаклан” концерт залига ҳужум оқибатида 89 киши ҳалок бўлди. Парижда ўша кеча уюштирилган бошқа терактларда яна 41 киши ҳалок бўлган.