Австрия пойтахти Венада полиция Дунай дарёсида 100 минг евродан кўпроқ пул оқиб кетаётганини аниқлади.

Таъкидланишича, пулларни биринчи бўлиб шаҳарда яшовчи бир эркак аниқлаган ва уларнинг ортидан ўзини сувга ташлаган. Воқеа гувоҳлари уни ўз жонига қасд қилмоқчи деб ўйлаб, полицияни чақиртиришган.

Полициячилар эркак сувдан 100 ва 500 евро қийматдаги пулларни тутиб олган пайтда етиб келишди.

Австрия қонунларига кўра, пул топиб олиб, уни полицияга топширган одам топилган пулнинг умумий миқдоридан 5 фоиздан 10 фоизгачасини олади.

Полиция вакили Роман Хаслингернинг айтишича, бундай катта миқдордаги пул ўғирлангани ёки у билан боғлиқ бошқа жиноят содир этилгани ҳақида ҳеч қандай маълумот олинмаган.