“Прецедент” ҳамкорлик гуруҳи директори, қирғизистонлик машҳур адвокат Нурбек Тўқтақунов мамлакат президенти Алмазбек Атамбаевни нодавлат нотижорат ташкилотларини танқид қилгани учун судга берди. Бу ҳақда Қирғизистоннинг бир қатор онлайн нашрлари ёзиб чиқди.

Адвокатнинг маълум қилишича, сайловолди кампаниясида халқаро кузатувчилар билан учрашув чоғида Атамбаев “ННТ, сиёсатчилар ва айрим сиёсий партиялар” жазавага тушаётганини таъкидлаб ўтган.
Президент “ноҳукумат ташкилотлар эл орасида бўлинишни келтириб чиқаради” дегани даъво қилинмоқда. Бундан ташқари, биометрик маълумот тўплаш сиёсатига қарши бўлганларнинг “эл душмани” деб аталишини Тўқтақунов ўз шаънига айтилган ҳақорат деб билмоқда.

Президент девони вакиллари бу айбловлар асоссизлигини таъкидламоқда. Бишкекнинг Первомайский суди даъвони қачон кўриб чиқиши номаълум бўлиб турибди.
Адвокат Нурбек Тўқтақунов 2010 йилда қирғизистонлик журналист ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси, этник ўзбек Азимжон Асқаровни судда ҳимоя қилган эди. Шунга қарамай, аслида Жалолобод вилоятида этник ўзбекларга қарши ҳужумлар ва ваҳшийликларни ҳужжатлаштирган журналист милиция капитани Миқтибек Сулаймоновни ўлдириш ва этник ихтилоф чиқаришда ёлғон айбланиб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди. Эслатиб ўтамиз, жорий йилда АҚШ Давлат департаменти ҳибсдаги Асқаровни “Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси” мукофоти билан тақдирлади.

Шу йилнинг октябрь ойида Алмазбек Атамбаевни “Эгемен Қирғизстан” партияси етакчиси Бектур Асанов судга берганди.