23 маротаба ўтказилаётган “Шимолий Америкада йилнинг энг яхши енгил автомобили ва йўлтанламаси” (North American Car and Truck/Utility of the Year) танлови ташкилотчилари 2016 модель йилида ушбу танлов ғолиби бўлишга даъвогарлик қиладиган 6 та финалчи автомобиль номини эълон қилди. Танлов натижалари январда Детройт автосалонида эълон қилинади.

Енгил автомобиллар орасида йилнинг энг яхши автомобили ҳуқуқини олиш учун Chevrolet Malibu седани, Honda Civic модели ва декабрда “Япониянинг йил автомобили” деб топилган Mazda MX-5 родстери кураш олиб боради.



Энг яхши йўлтанламас унвонига сазовор бўлиш учун Япониянинг Honda Pilot ва Nissan Titan XD ҳамда Швециянинг Volvo XC90 автомобиллари курашади.

Танлов ҳакамлар ҳайъати Шимолий Америкада автомобилсозлик соҳасида фаолият юритувчи 56 нафар журналист ва экспертлардан ташкил топади. Овоз бериш 4 январда бўлиб ўтади, ғолиблар эса 11 январда эълон қилинади.

Ўтган йили ушбу танловда Volkswagen Golf автомобили йилнинг энг яхши енгил автомобили, Ford F-150 пикапи эса энг яхши йўлтанламас деб топилган эди.