Австралия бош вазири Малколм Тернбулл “ислом ички инқилобни ўтказиши лозим”, деб ҳисоблайдиган мамлакат ҳукуматининг собиқ раҳбари Тони Абботтнинг фикрига нисбатан ўз эътирозини билдирди.

“Ҳамма маданиятларни ҳам тўғри деб бўлмайди ва ҳақиқатни айтганда, инсон қадр-қиммати ва сабр-бардошни ҳимоя қиладиган маданият (ғарб) Худонинг номи билан бошқа одамларни ўлдиришга имкон беридган маданият(ислом)дан афзалроқ”, - деган эди Абботт Sky News телеканалига берган интервьюсида.

Унинг фикрича, яқиндагина дунёнинг турли мамлакатларида рўй берган терактлардан сўнг “жамият исломда улкан муаммолар мавжудлигини инкор этмаслиги керак”.
“Унда (Тони Абботтда) ўз мустақил фикрига эга бўлиш ҳуқуқи мавжуд, - деди Тернбулл собиқ бош вазирнинг мулоҳазаларига изоҳ беришни сўраган АВС телеканали мухбири саволига жавоб берар экан.

– Мен уларга изоҳ беришни истамайман, фақатгина бир нарсани айтаман – биз ҳеч қачон душманларимиз қўлида ўйинчоқ бўлмаслигимиз ва озчилик жинояти учун барча мусулмонларни айбдор қилмаслигимиз керак. Кўплаб мусулмонлар терактларга биздан кам ғазабга келишмади”.